Жорий йил 10 майда адлия вазири ўринбосари М. Икрамовнинг Исроил Давлати Адвокатлар уюшмасининг (Уюшма) раис ўринбосари И. Натович бошчилигидаги делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида М. Икрамов делегация вакилларига Адлия вазирлигининг фаолият йўналишлари ҳақида, Ўзбекистон Республикасида норма ижодкорлиги, ҳуқуқий хизмат кўрсатишни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Томонлар ўз давлатларининг суд-ҳуқуқ ва адвокатура тизимлари, уларнинг ишлаш механизмларини муҳокама қилиб, бу борада ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича фикр алмашдилар.

Исроил Давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Зеҳавит Бен Ҳиллел хоним таклифига кўра томонлар истиқболда икки давлат ўртасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга келишиб олдилар.

Учрашув дўстона руҳда ўтди, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.