Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳарбий-сиёсий маҳкамага Ғазо секторини аннекcия қилиш режасини тақдим қилмоқчи, деб хабар берди Исроилнинг Haaretz газетаси, 29 июль, сешанба куни манбаларга таяниб. Исроил Фаластиннинг ҲАМАС радикал ҳаракатига ўт очишни тўхтатишга рози бўлиши учун бир неча кун муҳлат бераётганини эълон қилади, агар у рад этса, Фаластин ҳудудларини босқичма-босқич аннекcия қилишни бошлайди, деб ёзади газета.
Haaretz манбаларига кўра, аввал буфер зонадаги ҳудудлар, сўнгра Ғазо секторининг шимолий қисмидаги Исроилнинг Сдерот ва Ашкелон шаҳарларига туташ ҳудудлари аннексия қилинади. Жараён бутун минтақа аннексия қилинмагунча давом этади. Нетаньяху вазирларга АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти режани қўллаб-қувватлаётганини айтди, деб ёзади Haaretz.
Газета манбаларининг билдиришича, Исроил молия вазири, ўта ўнг сиёсатчи Бецалель Смотрич Ғазони аннексия қилиш режаси амалга оширилса, Нетаньяхуга ҳукуматда қолишга ваъда берган. Аввалроқ Смотрич ва Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир агар ҳукумат Ғазо секторида ҲАМАС бутунлай йўқ қилинмагунча ўт очишни тўхтатишга рози бўлса, истеъфога чиқиш ва ҳукмрон коалицияни тарқатиш билан таҳдид қилган эди, деб хабар беради dw.com.