Супер ярим ўрта вазн тоифасида кечган баҳсда унга Доминикан Республикаси вакили Луис Давид Салазар рақиблик қилди.
10 раунд давом этган қарама-қаршиликда Мадримов тўлиқ устунликка эришди. Ҳакамлар бир овоздан (99-91, 99-91, 99-91) ўзбекистонлик боксчининг ғалабасини эътироф этишди. Эътиборли жиҳати, ушбу жангда Исроилга аёллар бокс терма жамоаси бош мураббийи, таниқли собиқ боксчи Элшод Расулов секундантлик қилди.
30 ёшли Исроил Мадримов фаолияти давомида 14 та жанг ўтказиб, эндиликда ўз ҳисобидаги ғалабалар сонини 11 тага етказди (шунингдек, унинг ҳисобида 1 та мағлубият ва 2 та дуранг бор). Рақиб Салазар учун эса бу проф боксдаги 22 та жангдан кейинги иккинчи мағлубият бўлди.