Ушбу қутлуғ сана муносабати билан тонгда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси, адибнинг оила аъзолари, ёзувчи-шоирлар “Чиғатой” қабристонига йўл олишди. Йиғилганлар меҳридарё ва талабчан муҳаррир,  ёруғ туйғуларни тараннум этган шоир ва ёзувчи ҳақидаги хотираларни эсга олишиб, марҳумнинг руҳига Қуръон тиловат  қилишди.

Шу куни  ёзувчи яшаб ижод қилган хонадонда ёдгорлик лавҳи ҳам ўрнатилди. Ушбу барельефнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси, ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунослар ва журналистлар иштирок этишди. Унда Ўзбекистон халқ шоири ва Уюшма раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад, ёзувчининг ўғли Элдор Мухтор сўзга чиқиб, адибнинг ижоди билан боғлиқ илиқ хотираларни эсга олди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан, Ўзбекистон Бадиий академияси Ўзбекистон Бадиий  ижодкорлар уюшмаси аъзоси, мазкур барельеф муаллифи Улуғбек Отаназаров лавҳни яратиш жараёнида ёзувчининг ҳаёти ва ижодини батафсил ўрганишга ҳаракат қилганини айтиб ўтди.

     “Эл-юрт керак экан одамга”

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўтказилган хотира кечаси шундай номланди. Унда Ўзбекистон халқ шоири, Уюшма раиси Сирожиддин Саййид тадбирни очиб берар экан, Асқад Мухтор ХХ асрнинг 30-йиллари охирида адабиёт майдонига кириб келгани, унинг кўп қиррали ижодида замондошларимиз, айниқса, Ўзбекистон аҳолиси ҳаёти ва тафаккурида юз берган энг муҳим ўзгаришлар бадиий ифодасини топганини таъкидлади.

– Асқад Мухтор ўз асарларида ҳамиша халқнинг кўнглини кўтарадиган, одамлар қалбига қувонч олиб кирадиган, уларни ўйлатиб қўядиган сўзларни топиб айтган, – дейди Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров. – Шоир кўзи билан ҳаётга, оламга нигоҳ ташласангиз, гўё ҳайратлар гирдобига тушасиз, дунё сирга, сеҳрга тўлади. Ҳар бир нарса, ҳодиса ўзига хос маъно касб этади, назарингизда дарёда сув эмас хотиралар оқади, дарё оқими эса босиб ўтган йўл умр йўлингиз бўлиб кўринади.

Хотира кечаси якунида ёзувчининг фарзанди Элдор Мухтор сўзга чиқиб, ташкилотчиларга ўз миннатдорлигини изҳор қилди ва отасининг адабий мероси асрлар оша адабиёт дунёси ҳамда келажак авлоднинг маънавий камолотида катта хизмат кўрсатишини таъкидлади.

Яшил шовуллаган чинор куйлари...

  “Ижод” фонди кўмаги билан Асқад Мухторнинг икки жилдли “Танланган асарлар”и “BAKTRIA PRESS” нашриётида ҳамда бир жилдли “Танланган асарлар”и “Шарқ” нашриётида чоп этилди. Ушбу китобларга ёзувчининг роман, қисса, шеър ва ҳикоялар жамланди. Бу эса адиб таваллудининг 100 йиллиги ва адабиёт мухлислари учун ажойиб совға бўлди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор таваллудининг 100 йиллигига бағишланган китоблар кўзгазмаси ҳам ташкил этилди. Унда адибнинг ўзбек ва рус тилларида умри давомида чоп этилган китоблари, газета ва журналларда ёзувчи ҳаёти ва ижоди ҳақида берилган мақолалар, Асқад Мухторнинг “Ижод” жамоат фонди кўмаги билан “Шарқ” ва “BAKTRIA PRESS” нашриётларида шу кунларда чоп этилган бир ва икки жилдли “Танланган асарлар”и намойиш қилинди. Кўргазмани томоша қилаётган чоғимизда севимли ёзувчимизнинг: “Чинорнинг мангу яшил шовуллаши эшитиларди...” деган мисралари кўнглимиздан ўтди.  

Шунингдек, адиб ҳаётининг бетакрор лавҳалари акс этган  фотокўргазма ҳам адабиёт ихлосмандлари эътирофига сазовор бўлди. Кўргазмада адиб ва унинг қадрдонлари давраси акс этган фотосуратлар намойиш этилди.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири