Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директори Рустам Низомов ва Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази халқаро бўлим бошлиғи Санжар Адиловлар меҳмонларга Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти илмий фаолияти бўйича маълумот берди. Ўзаро икки ташкилот фаолияти ҳақида суҳбатлашилди, иссиқхона сабзавотчилиги соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари бўйича фикр алмашинди.
«ISU Chemical Co. Ltd.» компанияси вакилларининг Ўзбекистонга келишидан мақсад, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда республикамизда «Smart Farming» ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштиришда кўмаклашишдан иборат. «Smart Farming» ишлаб чиқариш технологияси ёрдамида иссиқхонадаги жараёнларни тўлиқ автоматлаштириш мумкин.
Кореялик мутахассислар шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ҳам бўлди. Бу ерда бош директор Кюнгсоо Лее қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари – Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бош директори Алишер Тўраев ҳамда вазирликнинг бошқа ходимлари билан учрашди. Давра суҳбати давомида «Smart Farming» ишлаб чиқариш технологияси ёрдамида иссиқхонада сабзавот экинлари кўчатларини ва маҳсулотларини етиштириш технологияларини ишлаб чиқиш ва ривожлантириш бўйича илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини ҳамкорликда олиб боришга келишиб олинди. Учрашув якунида Англашув меморандуми имзоланди.
Кореядан келган экспертлар ўз тажрибаси билан бўлишиш мақсадида Тошкент давлат аграр университети талабалари учун махсус тақдимот ўтказди. Ёшларга иссиқхона хўжалигида қўл келадиган Smart Farming тизимининг афзалликлари ҳақида тушунтириб берди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.