Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  2022 йил 27 июндаги қарори билан тасдиқланган “2022-2023 йилларда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда журналистика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури”да уюшмага аъзолар қабул қилишни такомиллаштириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилгани ёш журналистларни ҳам уюшма аъзоси бўлишга руҳлантирди.

Шу ўринда умумий гапларни эмас, аниқ мисолларни келтириб ўтсак.

Сабина Алимова, 2019 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг бакалавр, 2021 йилда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг магистратура босқичини тамомлаган. “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган. Айни пайтда “Янги Ўзбекистон” – “Правда Востока” газеталари таҳририяти маданият ва маърифат бўлими мудири лавозимида фаолият олиб бормоқда.

Беҳруз Худойбердиев, 2023 йилда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети “Интернет журналистика ва медиаменежмент” факультетини тамомлаган. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги “Халқаро ахборот” таҳририятида етакчи муҳаррир бўлиб ишлаган, ҳозир ЎзА Президент “POOL” маркази етакчи муҳаррири.  

Ислом Асилбеков, 2023 йилда  Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини босма ОАВ йўналиши бўйича тамомлаган. 2021 йилда “Мард ўғлон” давлат  мукофоти билан тақдирланган. Ҳозирги вақтда “Ҳуррият” газетаси етакчи мухбири.

Бугунги кунда “Renessans TV” телеканалида “Оvоzа” информацион дастури мухбири сифатида фаолият олиб бораётган Нурулло Расуловни ҳам шундай иқтидорли ёш журналистлар қаторига киритиш ва бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.

Хўш, биз юқорида тилга олган ёш журналистларни қандай жиҳатлар бирлаштириб туради? Улар 2-3 тадан чет тилларини мукаммал билади, тезкор замон билан ҳамнафас, ижтимоий фаол, янада муҳими, ҳали ёш бўлишларига қарамасдан, журналистика соҳасида ўз сўзини айта олган ва эътирофга сазовор бўлган. Демак, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси бўлишга тўла муносиб десак, муболаға бўлмайди.     

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов журналистика соҳасида самарали фаолият юритаётган бир гуруҳ ҳамкасбларимизга, жумладан, уюшма аъзолигига қабул қилинган Сабина Алимова,  Беҳруз Худойбердиев,  Нурилло Расулов ва Ислом Асилбековга янги намунадаги аъзолик гувоҳномаларини топширар экан, уюшма аъзоларига яратилган имкониятлар, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида медиа соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар   ҳақида сўз юритди.

Хусусан, журналист ва таҳририят ходимларини хориж мамлакатларига тажриба алмашиш, стажировка ўташ, нуфузли медиа тадбирларда иштирок этиш учун юборишда уюшма аъзоларига алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.

— Ҳар қандай рағбат ва эътироф ижодкорга куч беради, илҳом бағишлайди, — деди  Ислом Асилбеков. — Ёш бўлишимга қарамай, устозлар томонидан эътироф этилиб, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси деган номни олишимнинг ўзи масъулият. Табиийки, масъулият бор жойда тинимсиз меҳнат, сўзингиз, қаламингиз билан инсонлар қалбига кириб бориш вазифаси ётади. 29 ёшимда уюшма аъзолигига қабул қилинганим, албатта, мазкур тизимда ёшлар билан ишлашнинг янги механизмлари ривожланаётганидан, ёш журналистлар билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳалар амалга оширилишидан далолат беради. Мен Уюшма аъзоси деган номни оқлашга сидқидилдан ҳаракат қиламан.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

Ахборот хизмати