Маълум бўлишича, мурожаат эгасининг фарзанди 2021 йилнинг июнь ойида Марғилон шаҳрида жойлашган авиакассадан Қирғизистон Республикаси орқали Россия Федерациясига учиш учун уч миллион сўмга авиачипта сотиб олган. Бироқ кейинчалик узрли сабаб билан уча олмаслиги маълум бўлгач, авиакасса масъулларига ушбу масалада мурожаат қилиб, авиачипта пули қайтарилишини сўраган. Авиакомпания вакиллари эса унга ушбу ҳолатда авиачипта учун тўланган пулни тўлиқ эмас, балки унинг тўрт юз минг сўминигина қайтара олишларини маълум қилган.  

Мурожаат мутахассислар томонидан ўрганилиши жараёнида истеъмолчи ва авиакасса раҳбарининг мулоқоти таъминланди. Уларга Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунлари мазмун-моҳияти етказилди. Авиакасса раҳбарига юзага келган ҳолатда истеъмолчига авиачипта пули қайтарилиши лозимлиги ёки бунга муқобил вариант сифатида парвоз муддатини бошқа пайтга кўчириб бериш зарурлиги тушунтирилди. 

Олиб борилган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижаси билан ҳамда ҳар икки томоннинг розилиги асосида истеъмолчи чиптаси уч йил муддатгача фойдаланиш ҳуқуқи билан узайтирилиб берилди, дейилади Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассиси Саидхон Хапизов хабарида.