Баъзан шунақаси ҳам бўлиб туради. Жорий йил қиш мавсумида, тўғрироғи, аномал совуқ кунлари кўплаб жойларда, жумладан, Наманган вилоятининг Мингбулоқ, Косонсой, Давлатобод, Наманган, Норин, Поп, Уйчи, Учқўрғон, Чортоқ, Янгиқўрғон туманлари ва Наманган шаҳридаги, Самарқанд вилоятининг Ургут, Паяриқ, Иштихон ва Каттақўрғон туманларидаги 589 та маҳаллада қаттиқ маиший чиқиндилар йиғиштирилмади ва  тўлиқ олиб чиқиб кетилмади. Сабаби, ўша кунлари чиқинди ташувчи махсус техникаларга ёнилғи етказиб бериш тўхтаб қолганди.

Бу икки вилоятдаги юқорида тилга олинган туман ва шаҳарларга «Тоза ҳудуд» ДУК, «Наманган мусаффо иқлим», «Ориф нурли келажак», «Чашмаи сафед-газ», «Шоҳимардон Асқаров» оилавий корхоналари ва «Анваржон Бизнес Инвест»  масъулияти чекланган жамияти икки томонлама шартнома асосида хизмат кўрсатиб келган. Шуниси қизиқки, бу корхоналар хизмат кўрсатмаган кунлари, яъни январь-февраль ойлари учун ҳам аҳолидан хизмат ҳақи олган.

Албатта, бугунги истеъмолчи ҳам анойи эмас. У ўз ҳуқуқини билади. Шу боис, маҳаллалар аҳли Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилган. Ўрганиш жараёнида барча далиллар ўз исботини топди. Хизмат кўрсатувчи корхоналарга ортиқча тўланган салкам 6 миллиард 179 миллион сўм истеъмолчиларга қайтарилди.

 Йўқ жойдан пайдо бўлган кредит

Жорий йилнинг 6 апрель куни Чироқчи тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Кўкдала тумани Зум қишлоғида яшовчи фуқаро Й. С. мурожаат қилади.

Унинг айтишича, 2022 йилнинг сентябрь ойидан буён уйига  тумандаги «Агробанк» ходимлари келиб, хонадонида ер ости ичимлик сув қудуғини қазиш учун  33 миллион сўм кредит расмийлаштирилгани, уни тўлаш вақти келгани ҳақида безовта қилишаётган экан.

«Ваҳоланки, мен банкдан бир тийин ҳам кредит олмаганман», дейди у.

Ушбу ҳолат  туман жамияти ходимлари томонидан ўрганилди. Натижада мурожаатчи ва банк ўртасидаги шартнома сохта экани аниқланди ва ушбу сохта ҳужжат бекор қилинди.

Шу ўринда бир нечта савол туғилади. Бу сохта шартнома қаердан пайдо бўлди? Уни ким имзолади? Мижоз банк билан ҳеч қанақа шартнома тузмаганини айтгандан сўнг ҳам банк ходимлари нега ундан пул сўрашда давом этди, нега ҳужжатни текшириб кўрмади? Бу пулни аслида ким олган?

Ишончимиз комилки, бу саволларга тегишли масъул идоралар жавоб излашмоқда.

Салкам 105,5 миллиард сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди

Маълумотларга қараганда, 2016–2022 йилларда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига 83 367 та мурожаат келиб тушган. Улар ўрганилиши натижасида салкам 105 миллиард 422 миллион сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган. 1215  та ариза юзасидан суд органларига мурожаат қилиш таклифи берилган ёки судларга даъво аризалари киритилган. Федерация тизимидаги ташкилотлар томонидан суд идораларига киритилган даъво аризалари бўйича салкам 6 миллиард 942 миллион сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига ундирилган.

Бешикдаги гўдакдан 100 ёшдан ошган чолу кампиргача,  даладаги оддий деҳқондан вазирлару давлат раҳбаригачага истеъмолчи. Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси уларнинг истеъмолчилик ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган жамоат ташкилоти. Шу жамоат ташкилоти салкам 105 миллиард сўм пулни истеъмолчилар фойдасига ҳал этган. Демак, неча минглаб аҳолининг истеъмолчилик ҳуқуқи тикланган. Энг муҳими, уларга етказилган зарар қопланган. Бу дегани, шунча хонадонга қандайдир даражада барака кирган.

— Сўнгги йилларда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли ва аҳамияти, ижтимоий фаоллиги ошиб бормоқда, — дейди Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов. — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги «2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ва ушбу ҳужжат асосида тасдиқланган «Йўл харитаси»да жамоатчилик назорати, давлат бошқаруви ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки даражасини ошириш масаласи устувор вазифа этиб белгиланган. Корхона, муассаса ва ўқув юртларида аъзолари 600 минг нафардан иборат 4986 та таянч гуруҳимиз бор.

Жамоат ташкилотлари орасида биринчилардан бўлиб, 2015 йилдан бошлаб, федерация тизимида «1091» қисқа рақамли «ишонч телефони» фаолиятини йўлга қўйдик. Шунингдек, мурожаатларни қабул қилиб олиш учун istemol.uz сайтидаги виртуал қабулхона ва 2021 йилдан бошлаб потребителуз_бот телеграм боти ишлаб турибди.

Халқчил лойиҳалар

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, федерация 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги Президент фармони асосида, ўша йили ўз тизимида «Обод хонадон – юрт кўрки» лойиҳасини ишлаб чиқди ва амалга оширишни бошлади.

Лойиҳадан кўзланган мақсад аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш йўлида жойларда амалга оширилаётган кенг қамровли бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса қўшиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга кўмаклашиш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш  эди.

Юртимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, яшаб турган хонадони авария ҳолатида бўлган 12 та хонадон федерация маблағлари ҳисобидан таъмирлаб берилди.

Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи Баҳриддин Отаевнинг хонадонида лимон кўчатлари етиштиришга мўлжалланган замонавий иссиқхона барпо этилиб, хонадон эгаси тадбиркорлик билан шуғуллана бошлади. Хоразмлик Шаҳло Собирова хонадонида гул кўчатлари етиштириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Энг муҳими, федерация ташаббуси билан пайдо бўлган ушбу лойиҳага кўплаб ҳомийлар, ҳудудларда фаолият кўрсатаётган сектор раҳбарлари қизиқиш билдириб, унда иштирок этишди.

Истеъмолчи кутубхонасига марҳамат

Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштиришда нафақат давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, «Давлат–фуқаролик институтлари–тадбиркорлик субъектлари» тамойили асосида федерация ташаббуси билан ишлаб чиқилган лойиҳалардан бири «Истеъмолчилар уйи» ва «Истеъмолчи кутубхонаси» лойиҳаси ҳисобланади.

 Ушбу лойиҳа доирасида Олтиариқ, Риштон, Бағдод, Фарғона, Марғилон, Қўштепа, Ёзёвон, Данғара, Қизилтепа, Конимех, Навбаҳор, Томди, Олот, Қоракўл, Косон, Касби, Деҳқонобод, Узун, Бойсун, Олтинсой, Ангор, Тўрақўрғон, Избоскан туманлари, Фарғона, Зарафшон шаҳарлари ҳамда Шарғун шаҳарчасида истеъмолчи кутубхоналари ва истеъмолчилар уйлари қуриб, фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда лойиҳа доирасида 71 та туман ва шаҳарда қурилиш ишлари давом этмоқда.

Замонавий услубда қурилган, ўзига хос инновацион ечимга эга «Истеъмолчилар уйи» маъмурий комплексидан ўрин олган «Истеъмолчи кутубхонаси» фондидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва истеъмолчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар, сиёсий-иқтисодий қўлланмалар, маърифий, бадиий, илмий-оммабоп китоблар, республикамизда нашр қилинадиган ижтимоий-сиёсий ва оммабоп газета-журналлар ўрин олган. Бундан ташқари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини мустаҳкамлаш мақсадида федерация ҳамда Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида ишлаб чиқилган 16 турдаги юридик адабиётлар туркуми ҳам ушбу кутубхоналар токчаларидан жой олган.  Таъкидлаш жоизки, ушбу кутубхоналарда 100 мингга яқин китобнинг электрон базаси ҳам шакллантирилган бўлиб, бу ўқувчиларга китобларни арзон нархда, масофадан туриб харид қилишига ҳам имконият яратиб беради.

Халқаро ҳамкорлик

Федерация томонидан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва уни амалиётда қўллаш мақсадида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистоннинг турдош ташкилотлари билан федерация ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Ушбу ҳужжатларга асосан, турли йўналишларда ҳамкорлик олиб бориш баробарида, мазкур мамлакатлар сайёҳлари истеъмолчилик ҳуқуқларини мамлакатимизда, ўзбекистонлик сайёҳларларнинг истеъмолчилик ҳуқуқларини санаб ўтилган мамлакатларда ҳимоялаш бўйича келишувларга эришилиб, амалиётга татбиқ этилди. Бу туризмни ривожлантиришни иқтисодий стратегиянинг йўналишларидан бири сифатида белгилаб олган Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга.

Буюк Британия, АҚШ, Германия, Франция, Бельгия, Португалия, Малайзия, Хитой, Австрия, Таиланд, Ветнам ва Мўғулистон каби мамлакатларнинг турдош давлат ҳамда нодавлат ташкилотлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини халқаро миқёсда ҳимоя қилишда миллий ва халқаро жамоат ташкилотларини фаол қўллаб-қувватлаб келаётган хорижий давлат, ҳукумат раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бошқарув органлари раҳбарлари орасидан энг муносибларини тақдирлаш мақсадида федерация «Йил одами» мукофотини таъсис этган эди. Мазкур мукофотнинг илк соҳиби БАА вице-президенти, Бош вазири, Дубай Амирлиги амири Шайх Муҳаммад Ол Мактум бўлди.

Техник хатолик эмиш...

«Тоғлиқ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Т.С.  хонадонининг кадастр ҳужжатларини тайёрлатиш учун «Фарғона сув таъминоти» МЧЖнинг Тошлоқ туман бўлимига боради. Мақсади корхона хизматлари бўйича қарздорлиги йўқлиги ҳақида маълумотнома олиш эди. Корхона масъуллари унга хонадоннинг ичимлик суви тўловларидан 546 850 сўм қарздорлиги мавжудлигини, маълумотнома эса ушбу муаммо бартараф этилгандан сўнг берилишини бирдиришган.

Т.С.нинг айтишича, унинг хонадонига ҳали ичимлик сув тармоғи етиб бормаган.

Шу боис, истеъмолчи  ёрдам сўраб Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш туман жамиятига ариза ёзишга мажбур бўлди. Мурожаатни туман аҳолисига ичимлик сув етказиб берувчи корхона масъуллари ҳамкорлигида ўрганилиши жараёнида аризада келтирилган важлар исботини топди. Хонадонга, ҳақиқатда ҳам, ичимлик сув тармоғи ҳали етиб келмагани маълум бўлди. Масъулларнинг айтишича, қарздорлик техник хатолик туфайли юзага келган экан.

***

Федерацияга, унинг вилоятлар бошқармалари ва туман, шаҳар бўлимларига истеъмолчилардан ҳар куни кўплаб юқоридаги каби мурожаатлар бўлиб туради. Улар эса имконият ва ўзларига юклатилган ваколат  доирасида бу муаммоларни ҳал этишга ҳаракат қилади. Бу  юртимизда янгиланган Конституциямизнинг 72-моддасидаги «Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга жамият ҳаётида иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратади», деган  тамойил тўла амалга ошаётганидан далолатдир.

Бекқул ЭГАМҚУЛОВ,  

«Янги Ўзбекистон» мухбири