Сизга қуйида ҳавола этмоқчи бўлганларимиз шундай мурожаатлардан айримларигина холос. Ўқиб хулоса қилишингизни, маиший техникалар харидида эҳтиёткор бўлишингизни сўраб қоламиз.
“Ишонч”нинг ишончсиз совиткичи
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат этган Қарши шаҳри Пахтазор кичик даҳасида яшовчи Бекмирзо Шабкаров “Ишонч” савдо мажмуасига қарашли савдо дўконидан муддатли тўлов шарти билан 4 миллион 750 минг сўмга “Premier” русумли совиткич сотиб олган, бироқ кафолат муддати тугамасдан янги совиткич уч ойда уч марта бузилган.
Мазкур мурожаат ўрганилганда истеъмолчи Б.Шабкаров томонидан 2021 йилнинг 20 сентябрида 12 ойлик муддатли тўлов асосида сотиб олинган совиткич чиндан носоз экани, уч марта техник хизмат кўрсатилганига қарамай, носозлик бартараф этилмагани кузатилган.
Федерация ходимларининг аралашуви билан сотувчи ва истеъмолчи ўртасида расмийлаштирилган шартнома Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни талабларига мувофиқ бекор қилиниши ҳамда носоз совиткич сотувчига қайтарилиши таъминланди. Истеъмолчи 4 миллион 750 минг сўмни тўламайдиган бўлди ҳамда тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Носоз газ плитаси таъмирланди
Каттақўрғон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига шу йил 26 январь куни мурожаат қилган истеъмолчи Р.Турдалиева 2021 йил ноябрь ойида Каттақўрғон туманидаги “Зафар” савдо дўконидан 2 900 000 сўмга газ плитаси сотиб олганини, орадан бир ой ўтмай, газ плитасида нуқсонлар пайдо бўлганини маълум қилган.
Федерация ходимлари ўрганиш ишлари олиб бориб, мурожаатчи хонадонидаги янги газ плитаси чиндан носоз ҳолга келганига гувоҳ бўлишди. Шундан сўнг дўкон ходимларига тушунтириш ишлари олиб борилгач, зудлик билан Р.Турдалиеванинг газ плитаси дўкон сервис хизмати томонидан таъмирлаб берилди.
Янги телевизорингиз ишламаса-я...
Қоракўл тумани Шоробод қишлоғида яшовчи Н.О. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига мурожаат қилиб, Бухоро шаҳри “Карвон” бозорида жойлашган дўкондан 2 900 000 сўмга “Samsung” русумли 43 дюймли телевизорни муддатли тўлов асосида харид қилганини, қисқа муддатда ушбу телевизор яхши кўрсатмай қолганини маълум қилган.
Ўрганиш ишлари олиб борилиб, мурожаатчининг аризаси ижобий ҳал этилди. Носоз телевизор дарҳол тузатиб берилди.
Федерацияга келиб тушаётган баъзи мурожаатлар кичик масаладек кўринади. Аммо шу арзимас шикоятлар катта эътирозга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис ҳам бугун федерация ходимлари томонидан ҳар бир мурожаатчининг аризаси эътибордан четда қолмайди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси ахборот хизмати