Шу йиллар давомида, айниқса сўнгги пайтларда амалга оширилаётган мислсиз бунёдкорлик ишлари ақлни шоширади. Заҳматли меҳнатларнинг самарасини ҳис этиш, озод ва обод элимизнинг улуғвор қиёфасини кўриш бахти нақадар фараҳли!
Ушбу қутлуғ кунларда Муҳтарам Президентимизнинг бу ютуқларимизни кўриб, меҳнаткаш халқимиз фидойилигини миннатдорлик, шу билан бирга ғурур ва ифтихор билан эътироф этганларини чуқур ҳаяжон билан тинглаб, томоша қилдик...
Халқимизнинг мушкулини осон, узоғини яқин қиладиган кенг, равон йўллар, янги-янги метро станцияларидаги гўзаллик, орасталик юксак маданият тамойилларини кўз-кўз қилмоқда.
Янгидан барпо этилаётган осмонўпар бинолар, жаҳон тамаддунига дахлдор ақлли шаҳарларимиз янгиланаётган Ўзбекистоннинг, қаддию қадри осмонларга бўйлаётган халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами кунларида қалбларни қувончу шодликка тўлдиради.
Пандемия сабаб маҳзунликка юз тутган дилларга мадад, умид, ишонч бағишлайди... Беихтиёр юракларнинг туб-тубидан "Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним", деган шукроналикка, фахру ифтихорга йўғрилган изҳор янграйди.
Бу тинчликсевар, ватанпарвар халқимизнинг она юртига бўлган иқрори, муҳаббатидан дарак!
Бугунги улкан ютуқлар, юксалишларга боқиб, ўз халқи истиқлолини орзу қилган, бу йўлда жонини ҳам аямаган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Чўлпон, Абдулла Авлоний каби маърифатпарвар, жадид боболаримиз сиймолари кўз олдимиздан бирма-бир ўтмоқда. Ахир халқининг озодлиги, она Ватан ҳурлиги, миллий маданиятимиз, қадриятларимиз тантанаси учун озмунча қонлар тўкилмаган.
Айтишадику, "Она тупроқ томчи сувдан лойга, томчи қондан эса Аллоҳ изми билан жон риштаси —Ватанга айланади". Демак, Ватан учун тўкилган қонлар беҳуда кетмайди. Қатағон қурбонларининг азиз жони уларнинг азиз Ватани бағрида, элининг қалбида!
Зеро, бу юксалишларнинг асосида жадидчилик ҳаракати ва уларнинг мақсад-муддаосини ифодалаган мустақиллик миллий мафкураси ётибди. Қолаверса, 29 йил аввал улар орзусига йўл очган Истиқлол деган неъмат турибди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, буларни унутиш мумкин эмас. Аслида садоқатли фарзандлар ўзларининг киндик қони тўкилган она замин тупроғини муқаддас билиб, уни ёт кўзлардан асраши, дориламон кунларга етиш насиб этмаган асл инсонлар хотирасини эъзозлаши зарур.
Бу ҳар бир ватанпарвар ўғил-қизнинг шарафли вазифаси, инсонийлик бурчидир.
Шунинг учун ҳам ҳар йили мустақиллик шодиёналари олдидан "Шаҳидлар майдони"да, "Қатағон қурбонлари хотира маскани" қошида ватан фидойилари ёд этилади, табаррук хотираларига таъзим бажо келтирилади.
Эртасига эса жасоратли аждодларимиз орзу қилган Мустақиллик шодиёналари давом этади. Бугун шундай улуғ кун! Аммо пандемия сабабли байрам оилавий тарзда ўтказилмоқда. Бу кейинги йиллардаги тўй-томошалар, шодиёналарнинг соғлик – омонликда ўтиши учун замин бўлади.
Бугунги қутлуғ кунимиз, энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Мустақиллигимизнинг барқарорлиги, мустаҳкамлиги йўлида янада ғайрат-шижоат билан ҳаракат қилиб, эртанги кунимизнинг янада нурафшон бўлиши учун биргаликда курашайлик.
Зеро, озод ва обод Ватан келажаги сизу бизнинг қўлимизда. Биргаликда ҳар қандай синовларни мардонавор енгиб ўтишимизга ишончим комил.
Яна бир бор улуғ айём муборак, азиз юртдошлар!
Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири