Хотин-қизларнинг ахборот-коммуникация технологиялари йўналишидаги билим ва кўникмаларини бойитиш мақсадида “IT WomenUz — 2021” лойиҳаси амалга оширилган эди. Заҳиридддин Муҳаммад Бобур номидаги Марказий экопарк ҳудудида ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган хотин-қизларга сертификатлар топшириш маросими ва 1000 метрга югуриш марафони ўтказилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, IT-Парк, Ягона умумреспублика процессинг маркази («UZCARD»), Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа ва Амити университетлари билан ҳамкорликда йўлга қўйилган лойиҳанинг биринчи босқичида 1228 нафар хотин-қиз курсларни муваффақиятли якунлашди. Кейинги босқичда эса 1086 нафар хотин-қиз  қатнашди. Улар учун компьютер саводхонлиги, электрон тижорат ва тадбиркорликка оид қисқа муддатли машғулотлар   ва психологик тренинглар  ташкил этилди.

— “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда олинган, шунингдек, АКТ соҳасида билим ва кўникмаларини оширишга эҳтиёжи бўлган хотин қизлар лойиҳа доирасида ўқиб, сертификатга эга бўлишди, — дейди Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг хотин-қизлар кенгаши раиси Ҳилола Султонова. —  Хотин-қизлар компьютер саводхонлиги, электрон тижорат ва тадбиркорликка оид қисқа муддатли машғулотлар   ва психологик тренингларда қатнашиб, ўз билимларини бойитди. Рақамли технологиялар ўқув марказлари, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инха ва Амити университетларида ташкил қилинган машғулотларда АКТ соҳаси мураббийлари, профессор-ўқитувчилари бошланғич  офис тажрибасини шакллантириш учун 36 соатлик дарс ўтишди.

Дарҳақиқат, аёллар фақатгина оила муҳитида қолиб кетмаслиги, инновоцион соҳадаги билимларни ўзлаштириб, жамиятга фойда келтириши мақсадида ташкил этилган лойиҳа барча иштирокчиларнинг ўзига бўлган ишончини янада оширди.

Феруза Жўраева