Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонасидан маълум қилишларича, мазкур мусиқий танловда мамлакатимиз вакили илк бор ўз истеъдодини намоён этди.
Ўзбекистонлик иштирокчи шу кунга қадар қатор халқаро мусобақаларда қатнашган. Ҳозир у Тошкент халқаро мактабининг 6-синфида ўқийди. Инглиз ва рус тилларида равон сўзлашади, француз тилини ўрганяпти.
Танловнинг саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган София финалда Италия симфоник оркестри билан биргаликда Сан-Ремо саҳнасида «Aerosmith» мусиқий гуруҳи томонидан «Армагедон» фильми учун басталанган «I Donʼt Want To Miss A Thing» номли саундрекни инглиз тилида ижро этди.
Ўзбекистон вакилининг ижроси томошабинлар ва ҳайъат аъзоларида катта таассурот уйғотди. Ҳакамлар ҳайъати ижрочининг вокал қобилияти ва қўшиқнинг мукаммал ижроси учун унга юқори баҳо қўйди. Натижада София Сингх Гилл халқаро мусиқа танловида барчадан кўп балл тўплаб, 1-ўринни эгаллади, деб хабар беради «Дунё» АА.