Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 1 апрелдаги «Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига асосан, иқтисодиёти жадал ривожланаётган туманни инновацион ҳудудга айлантириш вазифаси қўйилган эди. Ҳужжатга кўра, юртимиздаги 13 та туман ана шундай ҳудудга айлантирилди. Бундай ёндашув инновацияларни олис ҳудудлардаги аҳолига етказиш ҳамда маҳаллий олимлар яратган ишланмалар орқали одамларнинг оғирини енгил қилишда яхши самара бермоқда. Айни пайтда ёшларнинг янги технологияларга бўлган қизиқиши ортиб, уларни бугунги кун учун долзарб лойиҳалар устида ишлашга ундаяпти.
Бухоро вилоятининг Ромитан туманини инновацион ҳудудга айлантириш белгиланган бўлиб, дастур доирасида қатор янги лойиҳалар ишлаб чиқаришга татбиқ этилмоқда.
— Бугунги кунда, Ромитан инновацион ҳудудида умумий қиймати 10,9 миллиард сўм бўлган жами 15 та инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда, — дейди Бухоро вилояти Инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Азамат Наимов. — Шундан 10 та лойиҳа тижоратлаштирилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилди. Шуни мамнуният билан айтиш керакки, инновацион технологияларга бўлган қизиқишни қўллаб-қувватлаш натижасида ёш олимлар сафи кенгаймоқда. Мен улардаги изланувчанликни кўриб хурсанд бўламан. Янги ғоялар илм-фан, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва экологиядаги ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этишда ҳам яхши натижа беради.
Бугун, ихтиролар, нанотехнологиялар барча соҳаларни қамраб олмоқда. Улар шу даражада жадаллашганки, бирига кўникиб улгурмасимиздан бошқа янги тури пайдо бўляпти. Бу яхши, албатта. Инновациялар қайси соҳага татбиқ этилса, ўша соҳанинг ривожи кучаётганига гувоҳ бўлаяпмиз.
Тиббиётга оид янги лойиҳалар касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш, даволашнинг самарали усулларини амалиётга жорий қилиш билан аҳамиятли. Соҳада маҳаллий олимлар томонидан яратилган инновацияларнинг қўлланилиши беморлар жонига ҳузур бағишлаши баробарида импорт ҳисобига кириб келаётган маҳсулотлар ўрнини қоплаб, таннархнинг пасайишида муҳим омил бўлади.
Изланган хазинага йўлиқар
Қандли диабет жаҳонда энг кенг тарқалган сурункали касаллик бўлиб, дунё миқёсида йилига 5–7 фоизга кўпайиб бормоқда.
Диабетга чалинган беморларнинг кўпчилиги оёқларида пайдо бўладиган яралардан азият чекади. Уларда оддий яллиғланишлар ҳам жиддий ярага айланиб, ҳатто гангренагача бориш эҳтимоли юқори. Бундай вазиятларда оёқ парвариши ҳамда тўғри танланган пойабзал асосий профилактика воситаси ҳисобланади.
Бухоро туманида яшовчи Мадинабону Муҳаммедова томонидан мана шундай қулайликлар яратадиган оёқ кийими лойиҳаси яратилди ва тегишли маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
— Тўғри танланган профилактик пойабзал оёқ гангренасининг олдини олиб, мажруҳлик фоизини камайтиради, — дейди Бухоро муҳандислик-технология институти доценти М.Муҳаммедова. — Шунинг учун беморлар оёғидаги диабетик патология бошланғич даражасининг жисмоний ва биомеханик хоссаларини тадқиқ қилиш, тиббий-техник талабларга кўра мақбул профилактик пойабзал конструкциясини ишлаб чиқиш технологияси долзарбдир. Таклиф қилинаётган пойабзал сурункали кечадиган ярали жароҳатларни 1 йилда 45– 50 фоизгача камайтиради.

Муаллиф таклиф этаётган янги конструкцияли профилактик пойабзалда махсус патак мавжуд бўлиб, бемор товонинг алоҳида зоналарига тушадиган босимга кўра ҳар хил ўлчамдаги ғовакка эга. Юзаси бўртма ромб шаклига эга бўлган мазкур қисм ишқаланиш ва яллиғланишнинг олдини олади. Шунингдек, бу оёқ кийимини кийиш ва ечиш ҳам қулай.
— Беморнинг товон деформациясидан келиб чиқиб, товоннинг яллиғланган қисмига босим тушмаслигини таъминлаш мақсадида, босимни камайтириш йўлини излаб топганмиз, — дейди Мадина. — Бу ҳатто оёқ бармоқлари ампутация қилинган вақтда ҳам ҳар хил яллиғланишлардан сақлайди ҳамда оёқни қора сондан самарали ҳимоя қилади.
Мазкур маҳсулот товон қисмига тушадиган ортиқча босимни пасайтиришга, оёқ ҳамда пойабзал орасидаги горизонталь ишқаланишнинг олдини олиб, кафт қисмидаги терини емирилишдан сақлашга хизмат қилади. Яралар ҳам инфекция учун йўл эканини инобатга олсак, сурункали кечадиган жароҳатларни камайтириш орқали инсон умрини узайтириш мумкин.
Таъкидлаш жоиз, биргина Бухоро вилоятида 17 000 нафар 2 типдаги қандли диабет билан касалланган бемор бор. Республика бўйича бу кўрсаткич 230 610 нафарни ташкил қилади. Таклиф қилинаётган профилактик пойабзал церийали ишлаб чиқарилмайди. Ҳар бир бемор учун индивидуал тайёрланади.
Чет мамлакатлардан олиб келинаётган диастелкаларда бемор оёғининг индивидуал муаммолари эътиборга олинмайди, нархи ҳам жуда қиммат. Унинг ўрнига ўз ҳудудимизда такомиллашган ва арзон диастелкалар ишлаб чиқилиши, албатта, қувонарли ҳол.
Йўл юрган хазинага йўлиқар дейдилар. Ана шу хазина қайсидир маънода соғлиғимиз. Мадинанинг лойиҳаси соғликни тиклашга, турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилиб, одамларнинг миннатдорлигига сабаб бўлмоқда.
Маҳаллий маҳсулот: ишончли ва арзон
Ибоджон Исмоилов яратган лойиҳа умуртқалараро диск чуррасини даволашда қўл келади. У «SASH» номли таянч корсетни ишлаб чиқди. Корсет оғирликни бир марказий ўққа йиғишини таъминлаб, танани тик тутиш имконини беради ҳамда пулпоз ядродаги ортиқча оғирликни бартараф қилади. Шунингдек, улар орасида кучсиз ҳаракат ҳосил қилиб ядрода модда алмашинуви яхшиланишига сабаб бўлади.
Ибоджон таклиф этаётган маҳсулотда таянч асос мавжуд бўлиб, умуртқа поғонаси остеохондрози ва диск чуррасида тананинг икки томонга сурилиши орқали патологик ўзгарган тўқималар физиологик ҳолатига қайтади. Ҳозирги кунда импорт ҳисобига кириб келаётган бундай маҳсулотлар жуда қиммат, қолаверса, уларда таянч асоси йўқ. Айнан шунинг учун ҳам кутилган натижани бермайди.
— Лойиҳамиз Ромитан инновацион ҳудудида ташкил этилди, — дейди Ибоджон Исмоилов. — Бу орқали нафақат беморларнинг касалликдан азият чекишлари олди олинади, шу билан бирга стулда доимий ўтириб ишлайдиганлар таянч ҳаракат органларида патологик ҳолатнинг олдини олишга ҳам ёрдам беради. Дори-дармонга бўлган сарф камаяди. Биз таклиф этаётган маҳсулот импорт ҳисобига келадиганларидан арзон ва устун жиҳатлари ҳам бор. Ортопедик ва фиксацияли корсетларга талаб юқори. Четдан келтирилганларининг ўртача нархи 250 минг сўм. Маҳаллий маҳсулот эса бунинг деярли ярим нархида таклиф этилмоқда. Лойиҳамиз мутасаддилар томонидан синовдан ўтказилиб, қўллаб-қувватланди.
Лойиҳа орқали 7 нафар киши иш билан таъминланган. Тўғри, бундай маҳсулотларнинг ҳозирча камчилиги бор: улар вақтинча оғриқни бартараф этади, аммо диск чуррасини даволай олмайди.
Беморлар учун кутилган натижани берадиган маҳаллий маҳсулот яратиш ҳар томонлама фойда. Лойиҳа муаллифи ҳозиргача мавжуд маҳсулотларнинг камчилигини ва улар нима учун кутилган натижани бермаётганини ўрганиш орқали самараси юқори бўлган корсет яратиб, «Sash korset» номли МЧЖ ташкил қилди ва илк маҳсулотларни беморларда синаб кўрди.
Ўсимликларни «яширин очлик»дан асровчи лаборатория
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича жорий этилаётган инновациялар ҳам мамлакат тараққиётига хизмат қилиши баробарида деҳқонларнинг оғирини енгил қилади.
Тупроқ таркибидаги ҳаракатчан озиқ элементлари мавжуд. Унинг физик-кимёвий таркибини таҳлил қилиш лабораторияси орқали ушбу элементларни аниқлаш мумкин. Жондорлик Турғун Усмонов ёз ойларидан то баҳор фаслигача бўлган вақтда туманлардаги тупроқлардан намуналар олиб, ундаги озиқ элементларининг ўзгаришини ўрганмоқда.
Авваллари бир экинни экиб, йиллаб ҳосилини кутиб, бизнинг тупроққа мос келмади, дея ҳафсаласи пир бўлган деҳқон ва фермерларимиз учун Турғун ака ташкил қилган лаборатория яхшигина дастёр бўла олади. Тупроқ таҳлили ўтказиб, ўсимликларни стресс – «яширин очлик» ҳолатига туширмасдан, зарурий минерал ўғитлар билан ўз вақтида озиқлантириш мумкин. Бу эса 50 фоиз ва ундан кўпроқ ҳосилни сақлаб қолиш имкониятини беради.
— Ҳозир экинларнинг тури кўпайган, — дейди Турғун Усмонов. — қолаверса, мева-сабзавотларнинг экспортбоп навларини бошқа давлатлардан олиб келиб, ўлкамиз иқлим шароитига мослаштириш ишлари ҳам жадаллашган. Бу жараёнда тупроқнинг имкониятларидан келиб чиқиб, экин экиш муҳим босқич саналади. Биласизми, тупроқда фойдали элементларнинг тарқалиш йўналиши турлича. Баъзиларида пастга йўналса, баъзи турларида ён томонларга қараб йўл олади. Ўсимликларнинг илдиз тизими қанақа экани, озуқани қандай олишига қараб, айнан қайси экин яхши самара беришини аниқлаймиз ва алоҳида экин турларини жойлаштириш бўйича миришкорларга йўриқнома берамиз. Автоматлаштирилган дастурий комплекс ёрдамида тупроқ физик-кимёвий таҳлил қилинади, шундан сўнг экинларни оптимал озиқлантириш учун талаб этиладиган макро-микро элементлар миқдори бўйича таҳлил натижаси тақдим этилади.

Турғун ака айтаётган усул тупроқни баҳолаган ҳолда ҳосилдорликни босқичма-босқич ошириб бориш имконини беради. Биргина Жондор туманида 300 гектардан ортиқ иссиқхона хўжалиги мавжуд. Лаборатория натижаларининг яна бир муҳим жиҳати – тупроққа айнан қайси минерал ўғит зарурлиги аниқланиб, талаб этилмаганлари далага киритилмайди. Ўз ўзидан маълумки, ўғитлар учун сарфланадиган маблағ иқтисод қилинади. Деҳқоннинг «Ўғитга катта пул сарфладим, аммо ҳосил ўша-ўша», деб куйинишига ҳожат қолмайди.
Ўнга яқин иш ўрни яратилган «Soil Bio Lab» МЧЖ фаолияти орқали тупроқдаги номаълум касалликларни эрта аниқлаш ва уларга қарши чора кўриш имкони ҳам мавжуд. Ерларни шўрланиш даражасини яхшилаш, суғориладиган сувларнинг экинлар ва тупроққа таъсирини аниқлаш, энг асосийси –тупроқнинг таҳлили кўра ҳудудлар харитасини тузиш орқали қишлоқ хўжалик экинларини оқилона жойлаштириш лабораториянинг энг катта ютуқларидан дейиш мумкин.
Феруза Жўраева,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.