Бу ерда ҳар бир тош, ҳар бир кўча ва ҳар бир обида оддий тарих эмас — у тирик хотира, маънавият ва инсоният уйғунлигидир. Гўё вақт бу шаҳарда тўхтаб қолгандек.
Лекин ҳаёт ўз оқимида давом этади. Иш юзасидан Бухоро вилоятига қилган сафарим нафақат хизмат вазифаларини бажариш, балки тарих ва маданиятга бой маскан билан яқиндан танишиш имконини ҳам берди. Йўлга замонавий ва қулай поездда отландим — сафар ёқимли таассуротлар билан бошланди.
Бухорога етиб келган заҳотим, шаҳар мени ўзининг сокинлиги ва қадимий руҳи билан қарши олди. Ишларимни тартиб билан адо этганимдан сўнг, бўш вақтларимдан унумли фойдаланиб, шаҳарнинг энг муқаддас ва тарихий масканларида бўлдим. Жумладан, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси — Нақшбандийлик тариқатининг марказларидан бири бўлиб, бу ерда асрлар давомида инсонларни сабр, ҳалоллик ва маънавий покликка чорлаган таълимот излари сезилиб туради. Бу масканда бўлиш инсонни ички хотиржамликка ундайди, гўё шовқинли дунёдан узиб қўйгандек.
Шунингдек, Бухоро қалъаси — Арк қўрғонига ташриф ҳам катта таассурот қолдирди. Тарихий манбаларга кўра, Арк асрлар давомида амирларнинг қароргоҳи бўлиб хизмат қилган ва бу ерда давлат бошқаруви билан боғлиқ муҳим қарорлар қабул қилинган. Бугун эса у ўтмиш ва бугунни боғлаб турувчи улкан тарихий ёдгорлик сифатида сақланиб қолган.
Шаҳар айланиш давомида яна бир ўзига хос дунёга дуч келдик — бу ҳунармандлар маҳалласи. Масканда қўл меҳнати билан тайёрланган гиламлар, миллий қадимий матолар ва либослар намойиш этилган эди. Айниқса, гиламларнинг нақши ва ранг уйғунлиги киши эътиборини тортади. Сотувчилардан бири суҳбатда шундай деди: “Бу ердаги ҳар бир гилам — қўл меҳнати. Уларга ойлар, баъзан йиллар сарфланади”. Унинг айтишича, айрим ноёб гиламлар 100 миллион сўмгача баҳоланар экан. Бу эса санъатнинг қанчалик қадрланишини яққол кўрсатади.
Шу билан бирга, қадимий кулолчилик буюмлари ҳам алоҳида қизиқиш уйғотди. Лойдан ясалган бу ноёб асарлар нафақат маиший эҳтиёж, балки эстетик завқ учун ҳам хизмат қилади. Ҳар бир идишда усталарнинг меҳнати, тажрибаси ва авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъаналар акс этган.
Мен жойлашган меҳмонхона ўзининг шинамлиги ва қулай шароитлари билан сафарни янада ёқимли қилди десам муболаға бўлмайди. Кун давомида ишларимни якунлаб, Бухоро кўчаларини кездим. Шаҳарнинг кундузги ва айниқса оқшом манзараси бетакрор: чироқлар билан ёритилган қадимий меъморий обидалар гўё бошқа замонга олиб кетади.
Бухоро таомлари ҳам алоҳида таассурот қолдирди. Ҳар бир таом ўзига хос мазаси, бетакрор тайёрланиш услуби билан ёдда қоларли бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, бу сафар нафақат ишларимни самарали якунлаш, балки Бухоронинг қадимий ва замонавий қиёфасини ҳис этиш, унинг бетакрор муҳитидан баҳраманд бўлиш имконини берди.
Зулхумор Акбарова