Бу ҳақда Банкнинг ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур маблағлар «Иш ўринларини яратиш ва бизнесни ривожлантириш учун молиялаштиришдан фойдаланиш» (Access to Finance for Jobs and Growth Project, FINGROW) лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади.

Лойиҳанинг асосий мақсади капитал танқислигини бошдан кечираётган микро, кичик ва ўрта корхоналарнинг (МКЎК) молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, улар капиталига хусусий инвестицияларни жалб қилишдан иборат.

FINGROW лойиҳаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ орқали амалга оширилади. Компаниянинг шўба тузилмалари банклар, микромолия ташкилотлари ва хусусий инвесторлар билан ҳамкорликда МКЎКларга кредит кафолатлари бериш ҳамда корхоналар капиталига хусусий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашади.

Жаҳон банкининг маълум қилишича, 2030 йилга қадар ушбу лойиҳа доирасида тахминан 7 минг МКЎК, жумладан 4,5 минг аёллар ва ёшлар раҳбарлигидаги корхоналар молиялаштириш имкониятига эга бўлади. Бу эса 100 мингга яқин янги ва муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратилишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, юқори ўсиш салоҳиятига эга бўлган 70 тагача кичик ва ўрта корхона капиталига хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали қўллаб-қувватланади. Лойиҳа доирасида қўшимча 500 миллион долларга яқин хусусий капитални жалб этиш режалаштирилган.

Мазкур ташаббус Жаҳон банки гуруҳининг Европа ва Марказий Осиё минтақасида бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган 4 миллиард долларлик FINGROW минтақавий дастурининг бир қисми ҳисобланади. Ўзбекистон ушбу дастур доирасида ёрдам олган биринчи мамлакатлардан бири бўлди.