Учрашувда Олий ва ўрта махсус таълим вазир ўринбосари Р.Хакимов томонидан бугунги кунга қадар олий таълим соҳасидаги дастлабки ислоҳотлар, аввало, таълим сифатини яхшилаш, ёшларни олий таълим билан қамровини ошириш, институт ва университетларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш, профессор-ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, сўнгги 5 йилда олий таълим муассасалари сони 65 тадан 152 тага етганлиги, қабул ўринлари 2,5 бараварга ортиши натижасида олий таълим муассасаларини моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва қўшимча лаборатория тўпламларига, шу билан бирга, янги очилган таълим йўналишлари (агробиотехнология, сунъий интеллект ва робототехника кабилар) ҳисобига замонавий лаборатория тўпламларига бўлган эҳтиёж ошаётганлиги таъкидланди.

Учрашув давомида Фадия Саада хоним бугунги кунда инсон тараққиёти масаласи жуда катта аҳамиятга эга эканлиги, бунда таълим соҳаси асосий роль эгаллашини айтиб ўтди. Шу билан бирга, меҳмон олий таълимда сон кўрсаткичларини ошириш билан бир қаторда соҳада сифатни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни алоҳида эътироф этди ҳамда ушбу йўналишдаги амалий ҳаракатларнинг давомий бўлишига умид билдирди.

Маълумот ўрнида, бугунги кунда олий таълим муассасаларини замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва ўқув ҳамда илмий лаборатория асбоб-ускуналари билан таъминлаш мақсадида халқаро молия институтларининг қўшимча маблағларини жалб этиш режалаштирилганлиги айтиб ўтилди.

Жаҳон банкининг кейинги беш йиллик ҳамкорлик дастурини тайёрлашда мазкур ҳолатларни инобатга олиш ва янги лойиҳалар амалга оширилиши ёки ҳозир давом этаётган лойиҳага қўшимча маблағлар ажратилиши орқали олий таълим тизимини ривожлантириш йўлида ҳамкорликни кенгайтириш томонлар учун манфаатли бўлиши таъкидланди.

Учрашув якунида Жаҳон банки кўмагида ОЎМТВ амалга ошираётган «ОТМнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш» лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисида қисқача информацион ролик тақдим этилди, деб хабар беради Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати.