Лейн Киркланд тадқиқот дастурида Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Украина ва Ўзбекистондан вакиллар танлов асосида иштирок этишлари кўзда тутилган.
Бу йилги дастурда ушбу давлатлардан 6 та тадқиқотчи 2023 йил октябрь ойидан 2024 йил январь ойига қадар Варшава университети, Врослав университети ва Краковнинг Ягеллон университетларида бўлдилар.
Ўзбекистондан танлов асосда қабул қилинган Сурайё Усмонова “Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнида туризм хизматларини ҳуқуқий тартибга солиш” мавзусида ўз илмий изланишини олиб борди. Тадқиқотга Польшанинг Жаҳон савдо ташкилотидаги вакили, Врослав университети профессори Марек Вроблевский илмий раҳбарлик қилди.
Варшава университетида бўлиб ўтган тадқиқот натижаларига бағишланган илмий анжуманда Лейн Киркланд дастури вакиллари, “Польша-Америка” озодлик жамғармаси аъзолари, Варшава университети профессор-ўқитувчилари ҳамда ёш тадқиқотчилар ва талабалар қатнашди.
Сурайё Усмонова тадқиқот ишини муносиб ҳимоя қилди. Тақдимот чоғида Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари, мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича кўраётган чора-тадбирлари ва унинг истиқболлари хусусида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистон вакиласининг илмий иши иштирокчиларнинг юқори қизиқишига сабаб бўлди, деб хабар беради “Дунё” АА.