БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, ҳозир балиқ ва денгиз маҳсулотлари Ер шарида яшовчи аҳолининг 50 фоиздан ортиғи учун асосий оқсил манбаи ҳисобланади.

Юртимизда ҳам ушбу маҳсулотга бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда. Аҳоли эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, сўнгги йилларда балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича сезиларли чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Аммо соҳада қилиниши керак бўлган ишлар ҳали кўп. Президентимиз 2020 йил 14 апрелда қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, бу йил балиқ етиштиришни камида 350 минг тоннага етказиш, сунъий ҳавзалардан ­фойдаланиш самарадорлигини ошириб, балиқчилик хўжаликлари ва қайта ишлаш корхоналари ташкил қилиш бўйича қатор топшириқлар берди.

— Балиқчилик қадимдан инсонлар учун тўйимли озиқ-овқат маҳсулоти ҳамда иқтисодий таъминот манбаи бўлиб келган, — деди суҳбатдошимиз Балиқчилик илмий маркази директори ­Дилмурод Шоҳимардонов. — Балиқ таркиби, асосан, мувозанатлашган оқсил, қолаверса, инсон организми учун зарур протеинлар, микроэлементлар, ёғ ва бошқа истеъмол моддаларига бой бўлиб, рационли овқатланишни ташкил этишда муҳим ўрин тутади.

Жаҳонда балиқ маҳсулотлари истеъмоли аҳоли жон бошига ўртача ­21 килограммга тўғри келади. Бу кўрсаткич узоқ умр кўриш бўйича етакчи ҳисобланган Японияда 60 килограммгача боради. Ўзбекистонда эса бир кишининг йиллик балиқ истеъмоли 4-5 килограммни ташкил этади.

Бугун юртимизда балиқчилик соҳаси ривожланмаяпти, деб бўлмайди. Охирги йилларда кўплаб балиқчилик хўжаликлари ташкил этилди. Бозорларимиз балиқ ва балиқ маҳсулотлари билан етарлича таъминланяпти. Мамлакатимизда 2009 йилда 10 минг тонна балиқ маҳсулотлари етиштирилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 200 минг тоннага етди. Бу ишлар бугун ҳам изчил давом эттирилмоқда. Айни пайтда тармоқни янада ривожлантириш мақсадида соҳага замонавий технологиялар, балиқ етиштиришнинг интенсив усуллари жорий этилмоқда.

— Биламизки, балиқ етиштиришнинг бир қанча усуллари мавжуд. Бугунги кунда уларнинг қай бири самаралироқ ҳисобланади?

— Жаҳонда балиқ етиштиришнинг асосан икки усули — табиий сув ҳавзалари(океан, денгиз, кўл, дарё ва бошқалар)дан балиқ овлаш ва назорат қилинадиган шароитларда балиқ етиштиришга асосланган аквамаданият кенг оммалашган. Аквамаданият ҳам, ўз навбатида, интенсив ва ярим интенсив йўналишларга бўлинади.

Ҳозир мамлакатимиздаги аксарият балиқчилик хўжаликлари замонавий усуллардан кенг фойдаланмоқда. Айни пайтда мавжуд 3824 та балиқчилик хўжалигидан 240 таси табиий сув ҳавзаларидан балиқ овлаётган бўлса, 3584 таси аллақачон аквамаданият асосида балиқ етиштиришга ўтган.

Юртимизда яқин вақтгача 1970-йилларда жорий қилинган сунъий ташкил этиладиган тупроқ ҳавзаларда балиқ етиштириш технологияси кенг қўллаб келинган. Ҳозир ҳам айрим балиқчилик хўжаликларида фойдаланиладиган ушбу ярим интенсив технология ёрдамида 1 гектар сунъий ҳовуз майдонида ўртача 30 центнер балиқ етиштириш мумкин. Аммо у катта миқдорда ер ва сув ресурсларини талаб этади.

Балиқ етиштиришнинг дунёда кенг тарқалган интенсив технологиялари эса анча тежамкор бўлиб, улар ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади. Бунда  1 куб метр сувда 40 кг. ва ундан кўпроқ ҳосилдорликка эришиш мумкин.

Интенсив технологияларнинг бир нечта тури мавжуд бўлиб, ҳозир ёпиқ сув таъминоти тизими, бассейнлар, тупроқ ҳовузлардаги сувни тозалаб, кислород билан бойитиш ва қайта ишлатишга ихтисослашган техникалар олиб келинмоқда. Бунда 1 куб метр сув ҳажмида 40 – 200 кг. балиқ етиштирилади. 

Шунингдек, жойлардаги табиий сув ҳавзаларида ўрнатилган қафасларда балиқ етиштириш ҳам кенг йўлга қўйиляпти. Бу жуда самарали ва интенсив технология бўлиб, табиий ҳавза ҳосилдорлигига таъсир қилмаган ҳолда 1 куб метр сувда 40 кг.дан ортиқ балиқ етиштиришни таъминлайди. Унинг учун қўшимча ер ва сув ресурслари ҳам талаб қилинмайди.

Айни пайтда республикада 800 минг гектардан ортиқ табиий сув ҳавзалари мавжуд бўлиб, 600 минг гектарида балиқчилик билан шуғулланиш имконияти бор. Шундан 305,6 минг гектари ҳозирги кунда 240 та балиқчилик хўжалигига узоқ муддатли ижарага берилган. Мавжуд сунъий сув ҳавзалари эса 37,9 минг гектарни ташкил этади. Афсуски, уларнинг атиги 0,6 фоизида интенсив балиқчилик йўлга қўйилган.

Шу боис, юртимиз балиқчилик тармоғида интенсив технологияларни жорий этиш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда. Аммо бу борада айрим қийинчиликлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, балиқ етиштиришнинг интенсив усулида юзага келадиган инфратузилма (электр энергияси, газ) ва юқори ­мувозанатлаштирилган озуқалардан фойдаланиш зарурати маҳсулот таннархи ошишига олиб келади. Балиқ озуқалари масаласи ҳам интенсив технологияларни кенг жалб этишга халал бермоқда. Гап шундаки, республикадаги омихта ем ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотларининг сифати балиқчилик хўжаликлари талабига жавоб бермайди. Четдан олиб келинадиган озуқалар эса кўпчилик учун қимматлик қилади.

Балиқларнинг насл сифатини яхшилаш, интенсив усулда балиқ етиштириш бўйича илмий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда интенсив усулда балиқ етиштиришнинг ҳар бир йўналишида самарали тизимни яратиш зарурати ҳам мавжуд. Ушбу масалалар ечими бўйича сўнгги йилларда олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришга кенг йўл очмоқда.

— Мамлакатимизда, асосан, қандай турдаги балиқлар етиштирилади ва маҳаллий бозорда қайси турларга талаб юқори?

 — Ҳозир балиқчилик хўжаликларида балиқнинг кўплаб турлари, жумладан, карп (сазан), оқ ва чипор дўнгпешона, оқ амур, африка лаққаси, хонбалиқ (форель), бақрабалиқ (осётр) ва ласось етиштирилади. Буларга қўшимча тарзда табиий сув ҳавзаларидан оқсла (судак), лешч, вобла, товонбалиқ (карась), илонбош, маҳаллий лаққа овланади. Сўнгги вақтларда аҳолининг балиқ маҳсулотларига қизиқиши ортиб бораётгани боис, бозорларда барча балиқ турлари, айниқса, карп (сазан), оқ амур, хонбалиқ, оқсла, маҳаллий лаққага талаб юқори.

Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, мамлакатимизга йилига 1,5-2 минг тонна атрофида балиқ маҳсулотлари ҳам импорт қилинади. Булар, асосан, балиқ консервалари, филе, тозалаб музлатилган қимматбаҳо денгиз балиқлари ва денгиз жониворлари (криветка, қисқичбақалар...)дир.

Юртимизда балиқ етиштириш кўрсаткичи ортиб бораётгани ҳисобига экспорт ҳажми ҳам кенгаймоқда. Йилига 1000 тоннадан ортиқ Африка лаққаси, хонбалиқ, оқсла турли мамлакатларга қисман экспорт қилинмоқда.

Бундан ташқари, юртимизда нафақат балиқ етиштириш, балки уни сақлаш ва қайта ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Ҳудудларда жаҳон талаблари асосида балиқни қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Балиқчилик соҳасида ҳам бошқа соҳалардаги каби кластер тизими жорий этилди. Ҳозир 10 дан ортиқ балиқчилик хўжалиги ўз фаолиятини ушбу тизим асосида йўлга қўйган. Айни пайтда республикада етиштирилган балиқнинг атиги 5–7 фоизи қайта ишланади. Бу эса етарли кўрсаткич эмас. Кластерлаштириш тизими ана шу муаммони босқичма-босқич ҳал этишга хизмат қилади.

— Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, балиққа бўлган талаби ортиб бормоқда. Табиийки, бу жараёнда айрим балиқ турларини хориждан олиб келиб етиштиришни йўлга қўйиш ва янги турдаги балиқларни яратиш устида илмий тадқиқот ишларини олиб бориш зарурати юзага келади.

— Мамлакатимиз кескин ўзгарувчан иқлим шароитига эга бўлгани боис, ёз ойларида ҳаво ҳарорати 45 даражадан ошиши, қишда 20 даражадан тушиб кетиши мумкин. Аксарият балиқ турлари эса илиқ ёки совуқ сувларда яшашга мослашган бўлади. Шу сабабли чет давлатлардан олиб келиб етиштириш мумкин бўлган балиқ турлари чегараланган.

Охирги йилларда юртимиз иқлим шароитига мослаша оладиган Африка лаққаси, хонбалиқ бақрабалиқ ва ласосни маҳаллий шароитда етиштириш йўлга қўйилди. Ҳозир уларга қўшимча тарзда тилапия балиғини ҳам кўпайтириш бўйича муайян ишлар амалга ошириляпти. Шунингдек, келгусида аввал маҳаллий бўлган, ҳозир қирилиб кетган Туркистон мўйловдори ва Амударё куракбуруни каби турларни кўпайтириш бўйича ҳам тадқиқотлар олиб бориляпти.

Афсуски, шу вақтга қадар балиқчилик тармоғида етарлича илмий тадқиқот ишлари қилинмади. Бу соҳадаги энг катта камчиликларимиздан бири бўлиб, эндиликда мазкур бўшлиқни тўлдиришга катта куч ва маблағ сарфланяпти. Хусусан, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти қайта ташкил этилиб, унинг базасини ривожлантириш бўйича катта ишлар қилиняпти.

Соҳада мутахассислар, малакали кадрларни тайёрлашга ҳам эътибор ошган. Сўнгги йилларда Тошкент давлат аграр университетида балиқчилик йўналиши бўйича бакалавр ва магистрларни тайёрлаш кенг йўлга қўйилиб, 2018 йили университет базасида “Ипотека банк” таъсисчилигида Балиқчилик илмий маркази ташкил этилди. Айни пайтда ушбу марказ базаси ривожлантирилиб, унда балиқчилик соҳаси бўйича фан, таълим ва ишлаб чиқариш уйғун ҳолда олиб борилмоқда.

Аҳолини арзон ҳамда сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида юртимизда мавжуд сунъий сув ҳавзаларида интенсив технологияларни кенг жорий қилиш ва уларга имтиёзли кредит ресурсларини жалб қилиш ишлари авжида. Хитойдан келтирилган интенсив усулда балиқ етиштириш технологик жиҳозларини бир гектар сунъий сув ҳавзасига ўрнатиш ҳисобига 90 тоннагача балиқ етиштириш кўзланяпти. Бу каби илғор технологияларни босқичма-босқич жорий этиш ва замонавий хўжаликларни ташкил этиш орқали мамлакатимизда кенг турдаги сифатли ва экспортбоп балиқ маҳсулотларини етиштириш ҳамда улар билан аҳоли дастурхонини таъминлашни мақсад қилганмиз.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.