Бу нуфузли ташкилотга аъзо бўлган катта ва кичик, бой ва қашшоқ, турли ижтимоий гуруҳларга мансуб, сиёсий ва иқтисодий, маданий манфаатлари турлича давлатлар ўз ташаббус ва фикрларини баён этиш, манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадир. БМТ ислоҳотлари бўйича Ўзбекистон нуқтаи назари БМТ ислоҳотлари бўйича Ўзбекистон ўз позициясини бир неча маротаба ташкилот минбаридан туриб билдирган.
Мамлакатимиз томонидан ташкилот ислоҳотлари бўйича дастлабки таклифлар 1995 ва 2000, 2010 ва 2017 йилларда илгари сурилган. Хавфсизлик кенгаши сафини кенгайтириш, унга жаҳон сиёсатида муҳим ўрин эгаллаган Германия ва Япония сингари давлатларни доимий аъзо сифатида киритиш, БМТ Бош котиби ваколатларини кенгайтириш, БМТнинг халқаро минтақавий ташкилотлар билан ўзаро муносабатларини кучайтириш, ташкилотга қарашли минтақавий тузилмаларни янада ривожлантириш шулар жумласидандир.
Нур Шарқдан таралади Илм аҳли ўртасида Нур Шарқдан таралади деган машҳур ибора мавжуд. Ҳақиқатан ҳам, кўҳна Шарқ, хусусан, бизнинг замин буюк мутафаккирлари, алломалари амалга оширган улкан кашфиётлар туфайли катта шуҳрат қозонган. Уларнинг илм ва кашфиётлари, маънавий ва маданий мероси ҳозирга қадар ўз аҳамиятини сақлаб қолган. Шу даражадаки, ягона ва универсал ташкилот ҳисобланган БМТда Шарқ алломаларига улкан ҳурмат кўрсатилган. Жумладан, БМТнинг Нъю-Ёркдаги штаб квартирасида эроннинг машҳур гиламларидан бири сақланади. Ушбу гиламда Саъдий Шерозийнинг Гулистон ва Бўстон асарларидан олинган Одам Атонинг бутун қабиласи битта танадир, битта чангдан яратилган.
Агар тананинг фақат бир қисми яраланган бўлса, шунда бутун вужуд титрайди мазмунидаги байти ёзилган. Ушбу байтда олам бир бутунлиги, агар қаердадир уруш ёки низо юз берса, унинг оғриғи бутун танага ёйилиши таъкидланган. Шунингдек, БМТнинг Венадаги қароргоҳи ҳовлисига Тўрт даҳо деб номланган монумент ўрнатилган. Ушбу монументда Шарқ оламининг тўрт забардаст алломаси акс этган. Улар Абу Райҳон Беруний, Умар Хайём, Абу Али ибн Сино ва Закариё ар-Розийнинг ҳайкали бўлиб, Шарқ илм-фани рамзи сифатида турибди. эътиборлиси, улардан икки нафари юртимиздан чиққан алломадир. Ўзбекистон тарихи ва маданиятига БМТ ҳамда унинг таркибидаги ташкилотлар томонидан катта қизиқиш билан қаралмоқда. Буюк алломалар, қадимий шаҳарлар, моддий ва номоддий мерос объектларининг юбилей саналари халқаро миқёсда нишонланиб, кенг тарғиб этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябръ ойида БМТга расмий ташрифи давомида ушбу ташкилот бош қароргоҳига Регистон майдони макетини совға қилган эди. Ушбу макет ҳозир БМТда Шарқ илм-фани ва маданияти рамзи сифатида сақланади. Чунки Самарқанд ва Регистон Шарқ ва Ғарб маданияти учрашган чорраҳадир. Ҳамкорликнинг янги босқичи Ўзбекистон Республикасининг БМТ билан муносабатларида 2016 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб янги тенденциялар кўзга ташланиб, ўзаро муносабатларда янги босқич бошланди. 2017 йили 10 июнда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш расмий ташриф билан Нукус, Самарқанд шаҳарларида бўлди ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Ўз навбатида, 2017 йили 19 сентябрда Ўзбекистон раҳбари АҚШда бўлиб, БМТнинг 72-сессиясида нутқ сўзлади.
Мазкур нутқ Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги халқаро ташаббусларида янги тенденцияларни намоён қилди. Президентимиз ташаббуси билан 2017 йили ноябръ ойида БМТ билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. 2018 йили 22 июнъ куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда 2018 йили 12 декабръ куни Маърифат ва диний бағрикенглик деб номланган махсус резолюциялари қабул қилинди. 2018 йилнинг 27 март куни бўлиб ўтган Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик мавзусида Афғонистон масаласига бағишланган юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Тарихий нутқ ва Учинчи Ренессансга пойдевор Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги маърузаси тарихий нутқ сифатида нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тарихида ҳам қолди. Чунки ушбу нутқ илк маротаба халқаро доирада ўзбек тилида янгради. Бу нафақат Ўзбекистон, балки хориждаги кўп сонли ватандошларимиз ҳамда жаҳон жамоатчилигини ҳам ғоят қувонтирди. Ўзбекистон Президентининг нутқи прагматик, ҳаққоний ва ҳаётийлиги билан алоҳида аҳамият касб этди. Жумладан, бу нутқ уч муҳим компонентдан маҳаллий, минтақавий ва халқаро даражадаги масалаларга жаҳон жамоатчилиги эътиборини қаратиш ва амалий ташаббусларни илгари суришдан иборат бўлди.
Ўзбекистон Президенти таъкидлаган парламент ислоҳотлари, гендер тенглик сиёсати, инсон ҳуқуқлари таъминланиши, бу борада мажбурий ва болалар меҳнатининг тўлиқ тугатилиши, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиянинг қабул қилиниши, диний эркинлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши муросасиз кураш, камбағалликни камайтириш, ёшлар сиёсати борасида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар БМТ ва халқаро жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди. Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида бугун халқаро ва минтақавий муносабатлар тизимида мустаҳкам ўрнашиб бормоқда. Муштарак маданият, умумий тарих ва келажак бу минтақа халқларини бирлаштириб турувчи омиллардир.
Шу маънода, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик барқарор тараққиёт масалалари Президентимиз нутқида асосий устувор йўналишлардан бири бўлди. Минтақанинг иқтисодий тараққиёти ва барқарор ривожланиши масалаларида ўзаро савдо-иқтисодий ва транспорт коммуникациялари, логистика ва транзит соҳалари муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда минтақа мамлакатлари икки ва кўп томонлама муносабатлар асосида ушбу соҳаларни ривожлантириб боришга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, МДҲ, ШҲТ, Бир макон бир йўл каби халқаро ташкилот ва ташаббуслар асосида транспорт алоқалари йўлга қўйилмоқда. Бироқ мамлакатлар ўртасида ўзаро фикрларнинг хилма-хиллиги, ягона ҳуқуқий норма ва тарифларнинг мавжуд эмаслиги каби муаммолар соҳанинг жадал ривожланишига таъсир кўрсатиб келяпти.
Шу маънода, Ўзбекистон Президентининг БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш хусусидаги фикри бу борада муҳим ва ўз вақтида илгари сурилган таклиф сифатида баҳоланмоқда. Афғонистон масаласи Марказий Осиё минтақасининг оғир муаммоларидан биридир. Ўзбекистон Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида ташқи сиёсатда алоҳида эътироф этади. Шунингдек, мамлакатимиз Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, ушбу мамлакатни иқтисодий қайта тиклаш, электрлаштириш, темир йўл қуриш каби йирик лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Президенти БМТнинг 75-сессиясида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш таклифини илгари сурди. Ушбу таклиф Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва иқтисодий барқарорликни қайта тиклашнинг янги механизми сифатида намоён бўлмоқда. Чунки ушбу қўмита Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак бериб, қарама-қарши томонларнинг эмас, балки афғон халқининг манфаатларига хизмат қилади. Бугун дунёдаги муҳим ва долзарб масалалардан бири экологик муаммолардир. Хусусан, Орол муаммоси аллақачон минтақавий даражадан глобал миқёсга чиқиб улгурди. Ўзбекистон Орол муаммоси оқибатларини бартараф қилиш ва мавжуд хавф-хатарларнинг олдини олиш борасида муҳим тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, мавжуд аҳволни яхшилаш учун бу эрда икки миллион гектар янги ўсимлик майдони ва дарахтзор яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш ишлари билан бирга, Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди тузилди.
Таъкидлаш керакки, бу Ўзбекистон дипломатиясининг муҳим ютуқларидан бири бўлди. Бироқ Орол ва Оролбўйидаги мураккаб экологик вазият, аҳоли генофондини муҳофаза қилиш, саломатлигини яхшилаш ҳамда ушбу ҳудудда барқарор ривожланишни таъминлаш долзарб ва муҳим аҳамият касб этмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақидаги махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билдирилди.
Зотан, ҳозирги глобал дунёда долзарб ва мураккаб масалаларга илм-фан орқали эчим топиш энг оқилона йўллардан биридир. Оролбўйи минтақасида замонавий инновация ва технологияларни жорий қилиш ва уни БМТ доирасида махсус резолюция орқали амалга ошириш минтақа мамлакатлари ва бошқа давлатлар фикрлари ҳамда қарашларни умумлаштиришда катта аҳамият касб этади. БМТнинг 20152030 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган Барқарор ривожланиш мақсадлари глобал дастурида камбағалликни камайтиришга биринчи масала сифатида эътибор қаратилган.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, БМТ томонидан 20002015 йилларда амалга оширилган Минг йиллик ривожланиш мақсадлари дастурида ҳам ушбу муаммога эътибор берилганди. Бу борада кўплаб халқаро тадбирлар амалга оширилган. Бош Ассамблеянинг тегишли резолюциялари билан 19972006, 20082017 ва 20182027 йилларда қашшоқликка барҳам бериш бўйича БМТ ўн йилликлари эълон қилинган.
Бироқ бу муаммо ҳамон долзарб ва мураккаблигича қолмоқда. Ташкилот маълумотларига кўра, бугунги кунда 700 миллион киши ёки дунё аҳолисининг 10 фоизи ўта қашшоқдир. Пандемия шароитида уларнинг сони янада ошиш хавфи мавжуд. Бу эса халқаро ҳамжамият ва жаҳон мамлакатларини ушбу муаммога қарши биргаликда курашишга чорлайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Президенти томонидан БМТнинг 75-сессиясида илгари сурилган қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш таклифи катта аҳамиятга эга бўлди. Чунки ушбу муаммога қарши бир ёки бир неча мамлакат иштирокида эмас, балки халқаро миқёсда курашиш лозим. Шундагина амалий натижаларга эришиш мумкин.
Мамлакатимиз раҳбари томонидан БМТнинг 75-сессиясида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш, БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш, БМТнинг мувофиқлаштирувчи халқаро тузилма сифатидаги марказий ўрнини янада кучайтириш каби аҳамиятга молик таклифлар ҳам билдирилди. Улар бугунги глобал дунёнинг янги ривожланган ва тинчликсевар қиёфасини намоён этишга қаратилган таклифлар сифатида эътиборли. Чунки пандемия шароитида кўплаб давлатлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида ушбу вирусга қарши кураш олиб бормоқда.
Бу ташкилот тинимсиз янги тадқиқотлар устида изланяпти. Демак, унинг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш инсониятнинг барқарор ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон қадимий тарих, маданият ва илм-фан замини. Президентимиз томонидан 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида мавзусида халқаро форумни ўтказиш таклифи билдирилгани жаҳон илм-фани учун қувончли ҳодиса бўлди. Бу нафақат Ўзбекистон тарихи ва маданиятини халқаро миқёсда тарғиб этишга хизмат қилади, балки ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ўғил-қизларнинг илм чўққиларини эгаллаши ва энг замонавий фан асосларини ўзлаштиришига туртки бўлади. Ушбу форумнинг ўтказилиши Учинчи Ренессансга асос ва пойдевор сифатида хизмат қилади.
Ўзбекистон ташаббуслари БМТ томонидан тўла қўллаб-қуватланмоқда. Буни мамлакатимизнинг жорий йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлишида ҳам кўриш мумкин. Бизнингча, Ўзбекистон БМТ доирасида рақамли иқтисодиёт, рақамли дипломатия, туризм ва бошқа соҳаларни ривожлантириш учун жаҳон тажрибасини ўрганиши ва амалиётга татбиқ этиши мумкин. Шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган янгиланишлар Ўзбекистон номзодини БМТ Хавфсизлик кенгашининг муваққат аъзолигига ҳам илгари суришга имконият яратмоқда. Бу унинг халқаро имижини янада оширишга хизмат қилади.
Ойбек АБДУМЎМИНОВ,
Ўзбекистоннинг энг янги тарихи маркази директори ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори