ЖАҲОННИНГ НОЁБ ЖАВОҲИРИ

Ер ости хазиналаридан оқилона ва самарали фойдаланиш юртимиз равнақига хизмат қилади. Канаданинг Kitko халқаро таҳлилий маркази маълумотларига кўра, Қизилқум кенгликларида жойлашган “Мурунтов” кони кейинги икки йил давомида  олтин қазиб олиш бўйича жаҳонда етакчи ўринни эгаллаб келяпти. Ўтган йили мазкур конда 2 миллион унциядан зиёд (1 унция – 28,3 грамм) олтин қазиб олинди.

Бу, унда меҳнат қилаётган ҳар бир кончига ифтихор ва ғурур туйғусини бахш этиши баробарида янги марраларни эгаллашга руҳлантирмоқда. Навоий кон-металлургия комбинатининг таянч бўғинларидан бири ҳисобланган ушбу корхонанинг бугунги фаолиятига назар ташлашдан олдин жаҳон жавоҳири, деб аталмиш рангли металлар, шу жумладан, “Мурунтов” кониннинг очилиш тарихига назар ташлаш мақсадга мувофиқ келади. Зеро, улуғ бобомиз айтганларидек, мозийға қайтиб иш кўриш, хайрлик, дейдилар.

КЎҲНА ТАРИХ БИТИКЛАРИ

Кўҳна тарихнинг Марказий Осиёга таллуқли саҳифаларини варақлар эканмиз, бу ўлкада қимматбаҳо қазилма бойликлари кўп бўлганлигига гувоҳ бўламиз. Хусусан, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида олтин конлари ва улардан тайёрланган буюмлар ҳақидаги дастлабки маълумотлар антик давр тарихчилари Геродот ва Страбонларнинг асарларида учрайди.

Геродот Орол денгизидан то Нуротагача чўзилган Қизилқум саҳросида яшаган кўчманчи массагет қабилалари тўғрисида “Улар отда ва пиёда юрадилар. Одатда, уларнинг қуроллари камон, найза ва жанговар ойболталардан иборат. Уларнинг ҳамма нарсалари олтин ва мисдан ишланган. Аммо, барча санчиқ, ўқ ва ҳарбий болталарининг металл қисми мисдан ишланган (бронзадан демоқчи), бош кийимлари, бел камари олтин билан нақшланган. Улар отларининг эгар-жабдуқларини ҳам уст-бошлари каби олтин билан безатадилар. Темир ва кумушдан ясалган буюмлар уларнинг рўзғорида ишлатилмайди, чунки бу металлар массагетларнинг ерларида умуман учрамайди. Аммо, уларда олтин ва мис жуда кўп”, —  деб ёзади.

Страбон эса “Уларнинг юртида кумуш мутлақо йўқ, темир ҳам, аммо мис ва олтин мўл,” —  дея алоҳида қайд этади.

Марказий Осиё ҳудудидаги олтин ва бошқа қазилма бойликлар олинадиган конлар тўғрисида қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг “Қимматбаҳо жавоҳирлар ҳақида билимлар китоби” (“Минерология”) асари ўзининг илмий қиммати билан катта аҳамиятга эга. Улуғ аллома ўша даврда олтин олишнинг турли усуллари тўғрисида ёзиб, жумладан, “...Жайҳун дарёсида ҳам унинг сувидаги олтинни олишда шу усулдан фойдаланишади. Чунки бу ер дарёнинг манбаига яқин. Сув эса юқоридан тез оқим билан тушиб келади. Текисликка яқинлашганда сув ўз кучини йўқотиб, олтинни олдинга олиб кета олмайди. Натижада олтин чўкади. Уни қум ва лойқа билан дарё тубидан олиб чиқиб, ювиш йўли билан ажратиб оладилар, сўнгра эса босим ва олов ёрдамида уни симоб билан ғўлинлар ҳолатига келтирадилар...” деган маълумотларни келтириб ўтган.

Тарихий маълумотларга кўра, Марказий Қизилқум ва Нурота тоғлари ҳамда Оҳангарон воҳаси қадимдан рангли металларга бой ҳудудлар бўлган. Улардан қазиб олинган бойликлар ўз даврида, аввало, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва халқ фаровонлиги таъминлашга хизмат қилган. Иккинчидан эса, халқимизнинг бебаҳо истеъдоди туфайли улар чинакам санъат асарларига айланган.

ЎЗБЕК ГЕОЛОГИЯ МАКТАБИ

Ўтган асрнинг 50 - йилларида юртимиз геология хизмати ходимлари академик Ҳабиб Абдуллаев раҳбарлигида кенг қамровли тадқиқотларни бошлайди ва асосий эътибор Ўзбекистоннинг ғарбий қисмига қаратилади. Саҳроларда олиб борилган изланишлар натижасида Қизилқум саҳроси ва Нурота тоғларида олтин конлари истиқболлари тасдиқланади.

Академик Ҳабиб Абдуллаев илмий мактабининг ёрқин намояндаларидан бири —  машҳур геолог олим Иброҳим Ҳамробоевнинг 1958 йилда чоп этилган “Ғарбий Ўзбекистонда магматизм ва постмагматизм жараёнлари” асари юртимизда олтин ва бошқа бир қатор қимматбаҳо металлар бўлган конларни аниқлашга асос бўлди.

Геологларнинг маълумотлари асосида Қизилқум саҳросини геологик ўрганиш учун катта маблағ ажратилиб, дала ишларига юқори малакали мутахассислар жалб этилди. Улар томонидан Томдитов тоғларининг жануби-шарқида геофизик ва геокимёвий усулларни кенг татбиқ этган ҳолда, қидирув ишлари олиб борилди. Натижада, маъдан таркибида олтин миқдори юқори бўлган йирик  “Мурунтов” кони аниқланди.

Иброҳим Ҳамробоев раҳбарлигидаги геологларнинг номи “Мурунтов” конини топган олим сифатида тарих зарварақларига муҳрланди. Шунингдек, “Томдибулоқ” ва “Чормитан” олтин конларининг очилиши ҳам унинг номи билан чамбарчас боғлиқ. “Чормитан” конини очганлиги учун унга “Коннинг илк кашфиётчиси” дипломи берилган.

 Маълумки, Иброҳим Ҳамробоевнинг геология фани равнақига қўшган катта ҳиссаси учун янги топилган камёб минералга — “Khamrabaevit” номи берилди. Бутун умрини Марказий Осиё ва Ўзбекистон геологияси, ер ости конларини ўрганишга бағишлаган олим магматик жинсларнинг петрологияси ва геокимёси ечимлари, маъданларнинг пайдо бўлиши ва металлогенияси, ер пўсти чуқурлиги билан боғлиқ магматизм ва металлогения масалаларининг ўзаро алоқадорлиги каби ниҳоятда долзарб муаммолар юзасидан серқирра изланишлар олиб бориб, улкан кашфиётларни амалга оширди.

ДУНЁНИНГ ЭНГ  ЙИРИК КОНИ

Бугунги кунда ушбу улкан кон мамлакатимиз иқтисодиёти ривожида муҳим ўрин тутади. Олтин захираларининг кўплиги, маъдан қазиб олиш технологик шароитларининг қулайлиги учун у “Жаҳоннинг ноёб жавоҳири”, “Аср мўъжизаси” деб ҳам аталади.

“Мурунтов” кони очилиши билан конда тоғ ва бурғилаш ишлари батафсил ўрганилди. Хусусан, чуқур ва ўта чуқур бўлиши кутилган жойда олтиннинг умумий ҳажми, имкониятлари ва келажакда излаб топилиши бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди. 1965 йилдан 1969 йилгача бўлган қисқа вақт ичида кон саноат ишлаб чиқарилишига тайёрланди, юқори кучланишли электр узатиш линияси ва Амударё дарёсидан сув қувури тортилди.

Соҳа мутахассисларининг маълумотларига кўра, кон одатда бир ёки бир неча томир ёки ўзгарган жинслар зоналаридан иборат бўлиб, улар кварц, карбонатлар, альбит, хлорит каби минераллардан ташкил топади. Олтин шу минераллар билан бирга соф ҳолатда ёки пирит, халкопирит ёки арснопирит каби рудали минерал ичида қўшимча шаклларда учрайди. Олтин  зарраларини одаттда оддий кўз билан жуда камдан-кам ҳолда кўриш мумкин.

“Мурунтов” кони маъданидаги олтин зарраларининг 50-60 фоизи 0,01- 0,02 миллиграмм атрофида  бўлиб, микроскопда зўрға кўринади. Бу қадар майда олтинни тошдан ажратиб олиш жуда машаққатли кечган. Рудали томирлар ёки ўзгарган жинсларнинг қалинлиги бир неча сантиметрдан 50-60 метрларгача, узунлиги эса бир неча метрдан то 2 километргача етади. Шу хилдаги жинслар туб  негизига қараб, тик ёки қия ётган девор шаклида бир неча юз метрларгача чуқургача кетган бўлади.

 “Мурунтов” конининг очилиши натижасида минглаб ишчилар, муҳандислар, олимлар ҳамда раҳбарларнинг фидокорона меҳнатлари туфайли Қизилқум саҳросининг ўзлаштирилиши бошланди. 1964 йилда “Мурунтов” конида олтин қазиб чиқариш ва қайта ишлаш тармоғини яратиш, 1967 йилда 2-гидрометаллургия заводи қурилиши бошланди. Амударёдан сув тармоғи тортиб келинди. Янги шаҳарга асос солинди.

Турли касб эгаларининг саъй ҳаракатлари туфайли 1969 йил 21 июнь куни биринчи марта тозаланган соф олтин олишга эришилди. 1969 йил 21 июлда эса тарихий воқеа — биринчи марта “Мурунтов” конидан 11 килограмм 820 граммлик соф олтин ёмбиси олинди. Қизилқум ҳудуди Ўзбекистоннинг йирик олтин ишлаб чиқариш ҳудудига айланди.  2-гидрометаллургия заводида 999.9 пробали соф олтин олиниши билан маълум ва машҳурдир.

“Мурунтов” олтин таркибли рудаларни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича дунёдаги энг йирик кон ҳисобланади. Юқорида ҳам қайд этганимиздлек, “Мурунтов” 2020 ва  2021 йилларда олтин қазиб олиш бўйича жаҳондаги конлар рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Маълумотларга кўра, “Мурунтов” кони 1,8 ммиллиард тонна маъдан ҳамда 4,5 минг тонна олтин захирасига эга.

ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАР САМАРАЛАРИ

Комбинатда кейинги йилларда янги технологиялар, инновацион ечимлар ва лойиҳалар изчил жорий этилиб, мавжуд қувватларни модернизация қилган ҳолда, замон билан ҳамнафас қадам ташланмоқда. Барча йирик бўлинмаларда инновацион технологиялар хизматлари шакллантирилган. Кўплаб илмий ишланмалар ишлаб чиқаришга жорий этилмоқда.

Комбинат муҳандис ва мутахассисларининг машаққатли изланишлари натижасида “Мурунтов” конида жаҳонда ягона ва ноёб, 14 миллион тонна маъданни 285 метр баландликка олиб чиқиш имконини берувчи, қиялик бурчаги 37 градус ва умумий узунлиги 1802 метр бўлган тик-қия конвейери (КНК-270) ишга туширилган. Бу кон-металлургия саноати тарихида оламшумул янгилик ҳисобланади. Унинг фойдаланишга топширилиши туфайли конда маъданни транспортларда ташиш масофаси 4,5 километрга, кўтариш баландлигини эса 285 метрга қисқартиришга эришилди. Конвейернинг иқтисодий самараси жуда катта бўлмоқда. 

Айни пайтда қиймати 733,9 миллион АҚШ доллари бўлган ва 1,8 мингта янги иш ўрини яратиш имконини берувчи “Мурунтов” конини ўзлаштириш (5-навбати)  1- босқич” инвестицион лойиҳаси жорий этиляпти. 2021 йил август ойида коннинг шимолий қисмида йилига 15 миллион тонна тоғ жинсларини ташқи ағдармаларга ташиш қувватига эга учинчи йирик транспорт мажмуаси фойдаланишга топширилди. У умумий узунлиги 2154 метрни ташкил этувчи конвейер ва ағдарма ҳосил қилувчи воситалардан иборат. Ҳозирги вақтда “Мурунтов”даги мавжуд конвейер линияларининг умумий узунлиги 6 811 метрни ташкил этадди.

Айни кезда кондан йилига 42 миллион тоннадан ортиқ маъдан қазиб олинаётган бўлса, яқин келажакда бу кўрсаткич 50 миллион тоннага етказилиши кўзда тутилмоқда. Унинг бешинчи навбати бўйича олиб борилаётгана ишлар келгусида 1000 метр ва ундан ҳам чуқурроқдан олтин қазиб олиш имконини беради.

Ҳозирги кунда конининг узунлиги 4,3 , эни 3,2 километр, чуқурлиги 650 метрга яқинлиги ҳисобга олинса, олдинда қандай катта ҳажмдаги  ишлар турганини тасаввур этиш мумкин..

ХАЛҚАРО ЮҚОРИ СИФАТ ЭТАЛОНИ

Навоий кон-металлургия комбинатида ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли маҳсулот – олтин қўймаларга 1995 йилда Лондондаги Қимматбаҳо металлар биржаси арбитраж лабораторияси томонидан “Оптимал етказиб бериш” мақоми берилган бўлса, 1998 йили Токио биржаси уни халқаро сифат эталони, деб эътироф этди. 2019 йилда эса комбинатга Лондон олтин қуймалари бозори ассоциацияси (LBMA – London Bullion Market Association) томонидан бозор талабларига тўла риоя қилиш борасида навбатдаги тест синовларидан муваффақиятли ўтганлигини тасдиқловчи сертификат берилди.  Ўзбекистон олтинининг бутун дунёда тан олингани мазкур соҳа вакилларининг юқори профессионал даражаси ва айни пайтда машаққатли ва фахрли меҳнатининг юксак эътирофидир.

Соф олтин, бу – умумлаштирилган тушунча бўлиб, юксак ишонч ва ишлаб чиқарувчилар масъулиятининг энг юқори даражадаги кафолати ҳисобланади. Бу – энг замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналар, юксак меҳнат маданияти ва одамлар ўртасидаги чинакам самимий муносабатлар рамзидир. 999.9 пробали олтин зар суви (азот кислотаси билан хлорид қоришмаси) ва электролизи (электр токи ўтишида электролитга ботирилган электродларда рўй берадиган электро-кимёвий оксидлаш-қайтарилиш жараёнларининг мажмуи) йўли билан олинади. Олтин металлининг бир тоннасида атиги 40–50 грамм миқдорида ёт аралашмалар йиғиндиси  бўлади.

ЯНГИ СТРАТЕГИЯ ВА ИМКОНИЯТЛАР

Янги Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда. Президентимиз ташаббуслари билан қабул қилинган Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида кон-металлургия соҳаси ходимлари зиммасига ҳам  катта вазифалар юклатилган. Шу боис кончилар олдида катта довонларни забт этишдек улуғ мақсадлар ҳамда шунга яраша марралар турибди.

Бугунги кунда маълумотларга кўра, мамлакатимиз олтин захираси бўйича дунёда – 2-ўринни, мис бўйича – 7, вольфрам бўйича – 8, кумуш бўйича – 9, уран бўйича 12-ўринни эгаллайди. Айни пайтда Ўзбекистонда  2025 тадан ортиқ кон мавжуд. Жумладан, уларнинг орасида 97 та қимматбаҳо металлар (олтин ва кумуш), 12 та рангли ва нодир металлар,  38 та радиоактив металлар, 30 та қимматбаҳо тошлар конлари мавжуд.

Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан кон-металлургия соҳаси ўзининг янги ривожланиш босқичига қадам қўйди. Навоий кон-металлургия комбинатини ривожлантиришнинг 2017-2026 йилларга мўлжалланган дастури ижросини таъминлаш йўлида қиймати 3,4 миллиард доллар бўлган 27 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Комбинатда олиб борилаётган инвестицион лойиҳалар натижасида янги завод ва конлар фойдаланишга топширилмоқда. Жумладан, яқинда Томди тумани ҳудудида очилган “Балпантоғ” ва “Томдибулоқ” конларида қазиш ишлари бошланди. Мазкур конлар 40 миллион тоннадан ортиқ олтин таркибли маъдан захирасига эга, Демак, ҳар йили уч миллион тоннадан ортиқ маъдан қазилган тақдирда қарийб 15 йиллик фаолият учун янги имконият дарвозалари очиляпти.  

Ҳозирги кунда комбинат жамоаси томонидан Нурота тумани ҳудудида “Пистали” кони негизида йилига 4 миллион тонна олтин маъданини қазиб олиш ва қайта ишлайдиган 6-гидрометаллургия заводи барпо этилмоқда. Бундан ташқари, яқин йилларда Қизилқум кенгликларидаги “Нуқракон” ва “Косманачи” конларидан кумуш таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланади.

Мухтасар айтганда, “Мурунтов” конининг очилиши натижасида бир вақтлар одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган Қизилқум саҳросида фидойи ва жасоратли инсонларнинг меҳнатлари туфайли йирик саноат мажмуаларининг яратилишига асос солинди. Бугунги кунда бу ва юртимизнинг бошқа конларидан қазиб олинаётган ерости бойликлари мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга катта ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Қолаверса, комбинатимиз юртимизнинг энг йирик солиқ тўловчи корхоналари ўнталиги орасида етакчилик қилиб, республиканинг йиллик солиқ ҳажмининг шаклланишига 18-20 фоиз атрофида ўз ҳиссасини қўшиб келаётгани ҳолда, ўтган йилни 10,6 миллион сўмлик умумий фойда билан якунлагани ҳам унинг салоҳиятини амалда яққол кўрсатиб турибди.

Холмамат   РАУПОВ,

“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ

жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори, тарих фанлари номзоди