Хусусан, маънавият ва маърифат йўналишидаги фаолиятни узлуксиз такомиллаштириш, тарғибот тадбирларининг самарадорлигини ошириш, соҳага оид тадқиқот ишларини ташкил этиш, қўлланма ва адабиётлар яратиш, бу борадаги фаолиятни мувофиқлаштириш, мавжуд маънавий таҳдидларга қарши тарғибот тизимини кучайтириш, юртимизда кечаётган изчил ислоҳотлар моҳиятини аҳолига етказиш, ҳамюртларимизнинг Ватанимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ва яратувчанлик ишига нисбатан дахлдорлик туйғусини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари томонидан маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизимини яратиш, хусусан, ёшларни болалигиданоқ билимли ва фазилатли этиб тарбиялаш, бунинг учун мактабгача таълим ташкилотларига методик ёрдам кўрсатиш муҳимлиги, мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим ташкилотларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатма берилди. Барча олийгоҳ ва уларнинг филиалларида мавжуд штат бирликлари доирасида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими жорий этилиши маълум қилинди.
Шу билан бирга, миллий ва диний қадриятларимизда фарзанд тарбиясидаги нозик жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлиги, компьютер, интернет, телефон, телевидение, айниқса, хусусий каналлардаги енгил-елпи, мазмунан саёз ва турли зарарли одатларни тарғиб этувчи фильмлар ёшлар тарбиясига салбий таъсир этаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шундан келиб чиқиб, сенатор ва депутатларни амалдаги қонунларни яна бир бор таҳлил этиш, назоратга олиш орқали жавобгарлик ва масъулиятни оширишга чақирилди.
Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий меросини ўрганиш ёшларимизнинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилиши борасидаги фикр-мулоҳазаларини билдирдики, бу айни муддаодир. Шу мақсадда Тошкент шаҳридаги “Ғалаба боғи” мажмуаси халқимиз, айниқса, ёшлар учун ҳарбий тарих ва аждодларимиз қаҳрамонлигини ўрганиш бўйича илмий марказга айлантирилади. Қолаверса, миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида “Ижод” жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилади.
Йиғилишда яна қатор ғоя ва таклифлар илгари сурилиб, буларнинг барчаси пировардида ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини оширишга, миллий қадрият ва анъаналаримиз, бетакрор маданий ва маънавий меросимиз, буюк аждодларимиздан қолган ноёб ёдгорликларни илмий жиҳатдан ўрганишга, замонавий билим, кўникмага эга, мамлакат келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан, серғайрат ёшларни тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Президентимиз йиғилишда: “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”, дея улкан ҳақиқатни яна бир марта ёдимизга солиб ўтди. Бу айни чоғда олдимизда турган вазифалар нечоғлиқ салмоқли эканини англатади. Шундай экан, биз, сенаторлар ҳам мазкур вазифалар ижросида камарбаста бўлишимиз талаб этилади.
Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси