Аслида эса жамиятни бир бутун қилиб ушлаб турадиган назоратнинг катта қисми кўринмас: оиладаги тарбия, маҳалладаги огоҳлантириш, ишхонадаги интизом, ҳатто ўз-ўзимизга “бундай қилиш ярамайди” деб қўя олишимиз ҳам назоратнинг бир кўриниши.

Замон тез ўзгаряпти: демография, урбанизация, сунъий интеллект, иқлим ўзгариши каби жараёнлар янги қадриятлар ва янги одатларни келтиряпти. Шу шароитда одамлар ўртасидаги муносабатлар тартибли бўлиши учун ижтимоий назоратнинг ўрни янада ортиб бормоқда.

Оддий қилиб айтганда, ижтимоий назорат — жамиятда тартиб бўлиши учун одамларнинг хулқи ва хатти-ҳаракатларига мақсадли таъсир қилиш тизимидир. Яъни: қайси иш тўғри, қайси иш нотўғри — шу мезонлар асосида инсон ўзини ҳам, атрофдагиларни ҳам муайян чегарада ушлаб туради.

Муҳими, бу назорат фақат “жазолаш” дегани эмас. У тарбия ҳам, рағбат ҳам, эътироф ҳам, жамоатчилик фикри ҳам бўлиши мумкин.

Жамиятда назорат ишлаши учун иккита асосий устун бор:

1) Ижтимоий норма — одам қандай яшаши, қандай муомала қилиши, ўзини қандай тутиши кераклиги ҳақидаги қоидалар мажмуаси; ва 2) Ижтимоий санкция — ана шу нормаларга риоя қилишга ундайдиган восита: рағбатлантириш ҳам бўлади, чора кўриш ҳам. Масалан, транспортда навбат сақлаш — норма. Навбатни бузган одамга “ака, навбат бор-ку” деб эслатиш — санкциянинг енгил, оддий кўриниши. Аксинча, навбатни намуна қилиб сақлаган одамга миннатдорлик билдириш ҳам санкция — фақат ижобийси.

Нега бу мавзу бугун янада долзарб?

Бугун одамлар тез кўчяпти, шаҳарлар катталашяпти, ахборот оқими кучайяпти. Янги шароит янги одатларни туғдиради. Ана шу янги одатлар жамиятга мослашиши, “меъёр” бўлиб кетиши учун назорат керак. Тадқиқотда ҳам ижтимоийлашув жараёнида оила, мактаб, тенгдошлар ва ОАВ каби агентлар инсонга меъёрларни сингдириши ва бу жараён назорат қилиниши қайд этилади.

Агар назорат сусайса, жамиятда “ҳамма ўзбошимча” деган кайфият кучаяди. Муаллиф бу ҳолатни тартибсизликка етакловчи хавф сифатида тилга олади. Кўпчилик “санкция”ни фақат жазо деб тушунади. Ваҳоланки, санкция ижобий ҳам, салбий ҳам бўлади. Шунингдек, у расмий ва норасмий шаклларда намоён бўлади.

Қисқа қилиб мисоллар келтирадиган бўлсак, Расмий ижобий санкция бу − давлат мукофоти, стипендия, фахрий ёрлиқ — меҳнатни эътироф этиш бўлса, Норасмий ижобий санкция: жамоатчилик ҳурмати, маҳаллада эътибор, “ибрат бўларли инсон” деган баҳо, ёки Расмий салбий санкция: қонун ва қарорлар асосида жарима, лавозимдан тушириш, бошқа ҳуқуқий чоралар, ҳамда Норасмий салбий санкция: одамларнинг совуши, гап-сўз, муносабатни тўхтатиш, жамоадан четлатиш каби босимлар шулар жумласидандир.

Демак, жамият инсонни фақат “қўрқитиш” билан эмас, рағбатлантириш билан ҳам тўғри йўлга солади. Агар инсон виждони, онги, масъулияти кучли бўлса, уни ҳар қадамда текшириш шарт эмас. Масалан, агар ўзини тийиш паст бўлса, ташқи назорат — инспектор, суд, жазо тизимига талаб ортади.

Шу нуқтада оддий ҳақиқат бор: жамият тартиби — ҳар бир одамнинг ички тартибидан бошланади. Болани “кўрсатма” билан эмас, намуна билан тарбиялаш, катта-кичикка ҳурмат, ваъдага вафо, ҳалол меҳнат — буларнинг барчаси ўз-ўзини назорат қилишни кучайтиради.

Расмий ва норасмий назорат: қайси бири кучли?

Ташқи назорат иккига бўлинади:

  • Расмий назорат — суд, таълим, армия, ҳукумат, сиёсий ташкилотлар ва ОАВ каби институтлар орқали амал қилади.
  • Норасмий назорат — оила, қариндош-уруғ, дўстлар, жамоатчилик фикри орқали ишлайди.

Амалда эса жамият барқарорлиги учун иккаласи ҳам керак. Фақат расмий назоратга суяниш — жамиятни “жарима билан тарбиялаш”га олиб келади. Фақат норасмий назоратга суяниш эса баъзан субъектив баҳолар ва адолатсиз босимларни кучайтириб қўйиши мумкин. Шунинг учун муаллиф расмий ва норасмий назоратни уйғунлаштириш зарурлигини таъкидлайди.

Бизда “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган гап бекорга айтилмаган. Тадқиқотда ҳам бу тамойил асосида маҳалла институтининг норасмий назорат агенти сифатидаги роли ортиб бораётгани қайд этилади.

Маҳалла нимани қила олади?

  • Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш (спорт, китобхонлик, касбга йўналтириш);
  • Низо келиб чиқмасидан олдин муроса топиш (оқсоқоллар, фаоллар, маслаҳат);
  • Эътиборга муҳтож оилаларга ёрдам орқали “ижтимоий узилиш”ни камайтириш.

Албатта, бу жараёнда инсон шаъни ва ҳуқуқи биринчи ўринда туриши керак. Норасмий назоратнинг кучли томони — тез таъсир қилади. Заиф томони — меъёр бузилса, гап-сўз ва ноҳақ “босим”га айланиб кетиши мумкин. Шунинг учун унда ҳам маданият ва адолат мезони муҳим.

Жамият юксалиши учун оддий, аммо таъсирли 5 қоида

Тадқиқотнинг умумий руҳидан келиб чиқиб, оддий ҳаёт учун 5 та хулоса:

  1. Нормани боладан бошлаб сингдириш: тарбия — энг узоқ, лекин энг арзон “назорат”.
  2. Ижобий рағбатни кўпайтириш: яхши иш кўрилса, мақтов ва эътирофни аямаган маъқул.
  3. Салбий чорада адолат мезони: жазо “қасос” эмас, тартиб ўрнатиш воситаси бўлиши керак.
  4. Ўз-ўзини назорат қилишни кучайтириш: виждон ва масъулият — ташқи назоратга эҳтиёжни камайтиради.
  5. Маҳалла ва давлат ҳамкорлиги: расмий-норасмий тизим уйғун бўлса, жамият барқарор бўлади.

Жамиятни юксалтириш учун фақат қонунлар ёки жазо органлари етарли эмас. Энг катта куч — инсоннинг онги, жамоатчилик фикри ва тарбияда. Муаллиф ҳам шунга ишора қилади: ўзини-ўзи назорат қилиш қанча юқори бўлса, демократик жамият қуриш шунча фаоллашади, фуқаролик позицияси кучаяди, инсон қадри юқорига кўтарилади. Шунинг учун ҳар биримиз жамият тартибининг бир бўлаги эканимизни унутмасак — кўчадан тортиб ишхонагача, оиладан тортиб маҳаллагача — юксалишнинг пойдевори мустаҳкам бўлади.

Рашид Маматқулов,
Тошкент давлат юридик университети доценти
фалсафа фанлари номзоди