Лекин шундай тақдирлар ҳам борки, фарзанд ота-она меҳридан мосуво бўлади. Гўдак ҳаётнинг бешафқат, оғир зарбаларига дуч келади. Бундай ҳолатларда эса фақатгина жамиятдаги меҳрли муҳит, одамларнинг эътиборли муносабати кўнгли ўксик болалар ҳаётини яна изга солишга қодир.
Шу маънода, Президентимиз ташаббуси билан ота-она меҳридан маҳрум бўлган ва ногиронлиги бор болаларни қўллаб-қувватлаш, уларни жамиятнинг фаол аъзолари сифатида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таҳсинга муносиб.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 28 июлда пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 21-Меҳрибонлик уйига ташриф буюриб, бу ердаги шароит билан танишди ва шу куни ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум, етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда ижтимоий нафақаларни такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди. Шу йиғилишда эътибор ва меҳрга муҳтож ўғил-қизларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш юзасидан қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларига вазифалар белгилаб берди.
Куни кеча эса Президентимизнинг иккита — “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
Қарорларда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш, уларнинг баркамол авлод сифатида шаклланиши ҳамда ижтимоий мослашувини таъминлаш учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш, бундай болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича бир-биридан долзарб ва аҳамиятли масалаларни амалга ошириш белгиланди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари ва “SOS” Ўзбекистон болалар маҳаллалари”нинг бириктирилиши зиммамизга ҳам масъулият, ҳам ишонч юклади.
Ер юзида ҳар бир бола бахтиёр яшашга ҳақли. Барча тенгдошлари қатори етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳам тўлақонли тарбия олиш, даволаниш, ўқиш, ўзи қизиққан фаолият билан шуғулланиш орқали қобилиятини намоён этиш, вақтини мазмунли ўтказиш имконига эга бўлиши лозим. Бу масалага ҳукумат даражасида эътибор қаратилганининг ўзиёқ болаларга муассасаларда ва ундан кейинги ҳаёт йўлида ўз ўрнини топишига ҳар томонлама кўмаклашиш учун ҳозирданоқ ҳаракат бошлашимизга туртки бўлди.
Меҳрибонлик уйи муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиришга масъул Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари лавозими ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети таркибида “Ҳарбий ватанпарварлик, маънавий-маърифий тарбия ва ёшлар билан ижтимоий ишлаш кафедраси” ташкил этилиши зиммамизга юклатилган масъулиятнинг залвори нечоғлиқ аҳамиятли эканини тасдиқлайди. Бу борада соҳа ходимлари аллақачон ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришга киришди.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг таълим-тарбия олишига алоҳида эътибор қаратиш олдимиздаги устувор вазифалардан биридир. Хусусан, уларнинг таълим олишини рағбатлантириш мақсадида Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари тарбияланувчилари учун режа асосида нодавлат таълим ташкилотида хорижий тил ва компьютер саводхонлиги курслари ташкил этилади. Муассасаларга олий таълим муассасаси ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг бириктирилиши, шунингдек, олий таълим муассасалари ректорлари тарбия муассасаларида тўгараклар ташкил этилишига ва кутубхона фондини бойитишга масъуллиги белгилангани боис, бу борада муассасалараро ҳамкорлик йўлга қўйилиб, режа асосида ишлар ташкил этилади.
Жумладан, эндиликда ҳар бир боланинг хоҳиш-истаги, қизиқиши ва келажакдаги мақсадлари, орзу-умидлари ўзидан сўралиши, танлаган касб ва йўналишига кўра, уларни олий таълим муассасаларига кирувчи “алоҳида имтиёзга эга тоифалар” сифатида назоратга олиниб, эътибордан четда қолиб кетишига йўл қўйилмайди.
Президент қарорида Меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларидаги ўғил-қизлар мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатга олиб чиқилиши белгиланган бўлиб, бу борадаги ишларни ҳозирдан режалаштириш, тарихий масканларга ташрифларини уюштириш давомида уларга Ўзбекистон тарихини билиш, ўзликни англаш ва Ватани билан ғурурланиш ҳиссини уйғотиш борасидаги назарий билимларни ҳам сингдириш лозим.
Болалар учун спортнинг якка кураш, футбол, сузиш, теннис, шахмат, чавандозлик каби спорт тўгараклари ташкил этилиши уларнинг соғлом ва баркамол, айни пайтда, мамлакатимизда юксалиб бораётган спорт турлари билан шуғулланиш, бунинг ортидан мазкур йўналишларда ўз қобилиятини намоён этиш имконини беради.
Айтиш жоизки, муассасалардаги спорт объектлари фаолияти ва спорт секцияларига қатнашувчилар сони ўрганиб чиқилганда, Тошкент шаҳридаги 30-, Бухоро шаҳридаги 32-, Фарғона вилоятидаги 1- ва 2- Меҳрибонлик уйларида спорт заллари ва сузиш бассейнларининг мавжуд эмаслиги, уларда болалар жисмоний соғломлаштириш ва спорт масалалари анча ортда қолганини кўрамиз.
Бундан кейин барча Меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларида спорт заллари, футбол, волейбол, баскетбол майдонлари, кураш ва гимнастика ҳамда тренажёр заллари ҳамда бассейнлар билан таъминланади.
Президент қарори асосида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни касбга ўқитишга ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ҳам янги механизм жорий этилмоқда. Унга кўра, касб эгаллаш истагида бўлган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида касб-ҳунарга ўқитилади. Бундай болаларнинг бизнес лойиҳалари учун “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида навбатсиз кредитлар ажратилади.
Қарор билан жорий йилнинг 15 августидан бошлаб етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби ўрнатилади. Мазкур тартибга асосан ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади.
Бу борада етим болаларга уй-жой ажратишнинг “онлайн-навбат” тизими яратилади ҳамда ажратилган уй-жойлар тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойда расмий веб-сайт орқали эълон қилиб борилади.
Шу ўринда бир хушхабарни ҳам айтиб ўтишни истардик. Президентимизнинг Юнусобод туманидаги 21-Меҳрибонлик уйига ташриф буюриши ва видеоселектор йиғилишида белгилаб берган вазифаларидан сўнг Миллий гвардия қўмондони пойтахтимизда Оилавий болалар уйи ташкил қилиш истагида бўлган фуқароларни қабул қилиб, уларга қисқа муддатларда барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилиши юзасидан тегишлилиги бўйича масъул вазирлик ва ташкилотлар ходимлари билан ҳамкорлик бошланган эди.
Амалга оширилган ишлар натижасида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида илк маротаба Муроджон Ҳасанов ва Умида Турдалиевалар оиласи 21-Меҳрибонлик уйидан 5 нафар ўғилқизни ўз тарбиясига олиб, Оилавий болалар уйи фаолиятини йўлга қўйди.
Мазкур болалар уйи очилиш маросимида Миллий гвардия қўмондонлиги, Юнусобод туман ҳокимлиги ва бошқа масъул вазирлик ҳамда ташкилотлар мутасадди раҳбарлари иштирок этиб, Умида Турдалиева бошлаган ушбу олижаноб ишга муваффақият тилаган ҳолда, доимо кўмакдош бўлишга ҳамда оила аъзосига айланган ушбу ўғил-қизларнинг маънавиятли ва ватанпарвар бўлиб камол топишига ишонч билдирди.
Юртимизда бу каби савобли ишларга бош қўшиш истагида бўлган юртдошларимиз кўп. Ҳадемай кўплаб оилавий болалар уйлари етим ва отаона қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ўз бағрини очади. Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг ҳар икки қарори янги Ўзбекистондаги бағрикенглик, халқпарварлик ислоҳотларига ҳамоҳанг ҳолда, юртимизда ҳеч ким эътибор ва ғамхўрликдан четда қолмаслигини яна бир бор намоён этди.
Сарвар МАМАЮСУПОВ,
Миллий гвардия қўмондонининг ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича ўринбосари