Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганига ҳам 5 йил тўлди.

Қарор билан ташкил этилган Жамоат ишлари жамғармаси ўша кундан бошлаб халқимизнинг оғирини енгил қилиш — бандлигини таъминлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлиги, даромадларини ошириш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўлида хизмат қилмоқда.

Жамғарма ўз фаолиятини 8 та муҳим йўналиш бўйича бошлаган бўлиб, ҳозирда 12 йўналиш бўйича фаолият олиб бормоқда. Булар:

  • Шаҳар, туман, аҳоли пунктлари, маҳаллалар ва бошқа ҳудудларни ободонлаштириш (кўкаламзорлаштириш, тозалаш, оқлаш, маданий объектлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ва ариқларни тозалаш кабилар);
  • Уй-жой коммунал ва бошқа инфратузилма объектларини таъмирлаш;
  • Кўчалар, йўллар ва пиёдалар юриш йўлакларини таъмирлаш;
  • Мавсумий қишлоқ хўжалик ишлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, ирригация ва мелиорация тармоқларини таъмирлаш;
  • Ногиронлар, кексалар, беморлар ва бошқаларни парваришлаш;
  • Саноат тармоқлари ва хизматлар кўрсатиш соҳаси ташкилотларидаги ишлар;
  • Объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари.
  • Қонун ҳужжатларига мувофиқ уларга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда жамоат ишларининг бошқа турлари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Сўнгги йўналишлар оғир пандемик вазият юзага келганда, яъни қатъий карантин даврида пайдо бўлди. Ташкил этилган блок-постларда, ёрдамга муҳтож оилаларга бирламчи маҳсулотларни етказишда, дезинфекция ишларини ташкил этишда ҳам жамоат ишлари ташкил этилди.

— Масаланинг моҳияати шундан иборатки, жамоат ишлари дастури қай даражада одамларга хизмат кўрсатяпти ва одамлар ҳаётини ўзгартиришга қай даражада хизмат қилмоқда?, — дейди Халқаро меҳнат ташкилоти вакили Рамирро Пизарро. — Муҳим жиҳатлардан бири, жамоат иши билан банд қилиш имкониятлари ва жамоат ресурслари чиндан ҳам ёрдамга энг муҳтож қатламга йўналтириляптими? Aгар чиндан шундай бўлса, жамоат ишлари дастури камбағалликни қисқартиришга хизмат қилмоқда. Aна шундагина жамоат ишлари камбағал ва ишсиз қатлам учун хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, бандликка кўмаклашиш марказлари ва ижтимоий ҳимояга йўналтирилган хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади. Ўзбекистондаги жамоат ишлари учун ишланган дастурнинг ўзига хос қизиқ томони шундан иборатки, бу маҳаллий ҳокимият ва хусусий секторнинг ўзаро ҳамкорлигидир. Масала эса қандай қилиб доимоий ва экологик тоза ишлар билан аҳолини таъминлашдир. Шу жумладан, маҳаллалар ва маҳаллий участка нозирлари ҳам жамоат ишлари дастурига бириктирилиши ва ресурслардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши масаласини ҳам кўриб чиқиш керак. Шуни ҳисобга олган ҳолда, биз маҳаллий ҳокимият учун стратегик дастурлар ишлаб чиқишимиз, янги ва доимий иш ўринларини яратишимиз керак. Бу ўз навбатида маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришга ҳам ўз ҳиссасини қўшиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 25 декабрдаги “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига асосан 2021 йил учун 250,0 миллиард сўм маблағ ажратилди. Жамғарма ходимлари мана шу маблағларнинг мақсадли сарфланиши, талон-тарож бўлишига йўл қўймаслик йўлида хизмат қилмоқда.