Мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлашни такомиллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашиш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг мутлақо янги механизмларини жорий этишга қаратилган самарали ишлар йўлга қўйилган. Шу мақсадда “Хавфсиз шаҳар”, “Обод ва хавфсиз маҳалла”, “Хавфсиз ҳудуд” каби лойиҳалар ижросига катта эътибор қаратилмоқда.

2020 йилда 4 минг 500 дан зиёд маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмагани мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқ­-тартибот ишлари яхшиланиб бораётгани, фуқароларда қонунларга итоат шакллангани, аҳоли тинчлиги ва осойишталигига жиддий эътибор қаратилаётганидан далолат беради. Аммо айрим маҳаллаларда жиноятлар сони ошгани бу борадаги фаолият самарадорлиги етарли эмаслигини кўрсатади.

Шу йил 29 ноябрда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора­-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тизимли чора­-тадбирларнинг мантиқий давоми бўлди.

Фармонда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлиги концепцияси, 2022–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси, ушбу стратегия бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2023 йилдан бошлаб ҳар йили манзилли чора-­тадбирлар дастурини тасдиқлаш тадбирлари белгилангани алоҳида диққатга сазовор. Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатининг Миллий гвардияга берилиши, туманлараро патруль­пост хизмати бўлинмаларини ташкил этиш, маҳаллаларда профилактика инспекторлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг мақбуллаштирилиши жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Ушбу концепциянинг асосий мақсади аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларда қонунга итоаткорлик ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантириш, “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” тамойилини амалга ошириш ҳисобланади. Бу мақсадга эришиш жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг яхлит тизимини ишлаб чиқиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни очиш ва тергов қилиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бўлинмаларининг касбий тайёргарлигини юксалтириш асосида амалга оширилади.

2021 йил 12 февраль куни Президентимиз раислигида жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масаласида Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилиши баёнида криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллаларда жиноятчилик сабабларини илмий диагноз қилиш асосида аниқлаш ҳамда сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва профилактика инспекторлари учун “фуқаробай” ишлаш методикасини яратиш вазифаси қўйилган эди.

Ушбу йиғилишда ҳуқуқ-­тартибот идоралари, хусусан, ички ишлар органлари ҳали халқчил тузилмага, фуқароларнинг чинакам ҳимоячисига айланмаганига эътибор қаратилди. Жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишидаги ишлар танқидий таҳлил қилинди.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида концепцияда белгиланган вазифалар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, кўзланган мақсадга эришиш учун янада қулай шароит яратиш, “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз туризм”, “Обод ва хавфсиз маҳалла” концепцияларини амалга ошириш мақсадида замонавий техника ва технологиялар, жалб этилаётган куч ва воситаларни бошқаришнинг ахборот-­коммуникация технологияларига асосланган марказлашган янги тизимини шакллантиришга хизмат қилади. Шунингдек, Миллий гвардия органларининг жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш фаолияти, хусусан, транспорт хавфсизлиги, туризм хавфсизлиги, оммавий тадбирлар, фавқулодда вазиятлар шароитида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш ва шу каби бошқа долзарб мавзуларда илмий­тадқиқотлар ўтказиш, патруль­пост, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, хавфсиз туризм, транспорт хавфсизлиги фаолияти йўналишлари бўйича малакали мутахассис кадрлар тайёрлашни такомиллаштиришга замин яратади.

Шунингдек, фармонда белгиланган чора­-тадбирларнинг амалиётга татбиқ этилиши давлат объектлари, ўта муҳим, тоифаланган объектлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-­мулкини қўриқлаш, жамоат тартибини сақлаш, жумладан, оммавий тадбирлар, митинглар, йиғилишлар, намойишлар ўтказилаётганда ҳамда фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартибини сақлашга ёрдам беради. Қўриқланадиган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, чет давлатларнинг расмий вакилларини, олий даражадаги хорижий делегацияларни кутиб олиш ва кузатиб қўйиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокидаги тантанали тадбирларда расмий маросимларни ўтказиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш каби вазифаларни ҳал этишга кўмак беради.

Шу билан бирга, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашнинг мустаҳкам, замон талабларига мослашувчан бўлган самарали механизмини яратиш, ўз навбатида, мазкур фаолиятнинг назарий асослари таҳлил этилишини тақозо қилади. Шу маънода, Жамоат хавфсизлиги асослари фанининг киритилиши бу йўналишда сифатли кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

Мухтасар айтганда, “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-­тадбирлари тўғрисида”ги фармон жамоат тартиби ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш самарадорлигини такомиллаштириш, янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида тинчлик­хотиржамлик, хавфсизликни таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий адолатни йўлга қўй иш, бағрикенглик, юртимизда адолатли демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишда муҳим амалий аҳамият касб этади.

Муҳаммади Усмонов,

Юрий Пўлатов,

Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги университети профессорлари,

юридик фанлар докторлари