Ўзбекистон ҳукумати томонидан миллий маданий мерос объектларини сақлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли сиёсатдан келиб чиққан ҳолда, ушбу йўналишдаги фаолиятда замонавий информацион технологияларни тадбиқ қилиш катта истиқболга эга экани ҳисобга олиниб, “New Layer” ва “EGIS” компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг дастлабки босқичида Бухоро шаҳридаги тарихий обидалардан бири бўлган Сомонийлар мақбарасиниг рақамли нусхасини яратиш бўйича пилот лойиҳани муваффақиятли амалга оширишни режалаштирган.
Шу мақсадда, жорий йилнинг 19 июнь куни “New Layer” компанияси директори Ли Кванг Се бошчилигидаги делегация вакиллари Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ва тегишли бошқа масъуллар билан учрашишди.
– Ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – тарихий ёдгорликни сақлаш ва бошқариш ишларини замон талаблари асосида ташкил қилиш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий туристлар учун мажмуа бўйлаб виртуал саёҳат қилиш имкониятини яратишдан иборат, -дейди Ли Кванг Се.
Лойиҳани амалга ошириш учун Корея Республикаси ҳукумати томонидан 150 минг доллар миқдорида грант маблағлари ажратиш мўлжалланган. Лойиҳани амалга ошириш ишлари йил якунига қадар тугалланиши режалаштирилган.
Шунингдек, пилот лойиҳа мувафақиятли амалга оширилгач, Жанубий Кореялик ҳамкорлар томонидан Бухоро вилоятидаги барча тарихий ёдгорликларни қамраб олувчи маданий мерос объектларининг умумий рақамли тизимини яратиш таклифи билдирилди.
Учрашув якунида Кореянинг “New Layer” ва “EGIS” компаниялари ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди, дея хабар беради Бухоро вилоят маданий мерос бошқармасининг матбуот хизмати.