Жорий йил 21 февраль куни Жанубий Кореяда қийин вазиятга тушиб қолган 23 ёшли ватандошимиз Т.А. «Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси»га кўмак сўраб мурожаат қилди.

Ҳамюртимиз билан ўтказилган мулоқотда у оғир молиявий аҳволда ҳамда Жанубий Корея ҳудудида визасиз қолгани, тиббий кўрикдан ўтишга муҳтожлиги ва айни пайтда ишга лаёқатсиз эканлигини маълум қилган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ватандошимизга «Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси» томонидан амалий кўмак кўрсатилди. Ҳамюртимиз уюшма қошида 2021 йилда ташкил этилган «Умид» ижтимоий таъминот марказига вақтинча истиқомат қилиш учун жойлаштирилиб, унга зарур бўлган буюмлар харид қилинди.

Айни пайтда уюшма масъуллари ватандошимизга бепул тиббий хизмат кўрсатиш учун Жанубий Кореядаги шифохоналар билан музокаралар олиб бормоқда.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Жанубий Кореядаги кўп сонли ватандошлар ташаббуси ҳамда ушбу давлатдаги дипломатия ваколатхонамиз кўмаги билан ташкил этилган «Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси» 2020 йил 27 август куни расман рўйхатдан ўтган.

Ҳозирги кунга қадар уюшма томонидан ватандошларимизга турли соҳаларда ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Улар имтиёзли шартларда юридик хизматлар кўрсатиш, Жанубий Корея шифохоналарида ортопедик жарроҳлик бўйича бепул даволаниш, талабалар учун шахсий суғурта бошқа қирраларни қамраб олган.