Кўргазма павильонида ташкил этилган Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини ўзида акс эттирувчи фотосуратлар, ҳунармандчилик, зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги, ипакчилик маҳсулотлари ва бошқа халқ амалий ижоди намуналари акс эттирилди.
Тадбир қатнашчилари юртимизнинг диққатга сазовор туризм маршрутлари, ЮНЕСКО маданий мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларнинг қадимий тарихи ва маданияти ҳамда ҳукуматимиз томонидан замонавий сайёҳлик инфраструктурасини яратиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан таништирилди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида барпо этилган «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази имкониятлари тўғрисида тарқатма материаллар тақдим этилди.
Шу билан бирга, халқаро кўргазма доирасида Жанубий Корея туроператорлари билан икки томонлама учрашув ва қўшма турларни амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказилди ҳамда жорий йилнинг 15-17 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган 28-Тошкент халқаро туризм ярмаркасида иштирок этиш шартлари билан таништирилди.
Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида Тошкент давлат шарқшунослик университети томонидан мамлакатимиздаги буддизм ёдгорликлари ҳамда Риштон, Бойсун, Чуст ва Янгиқўрғон шаҳарларнинг тарихи, маданияти ва урф-одатлари ҳақида корейс тилида тайёрланган тарқатма материаллар таклиф буюрувчиларда катта таассурот қолдирди.
Кўргазма меҳмонлари Ўзбекистон стенди билан танишар экан, юртимизнинг туризм салоҳиятини юқори баҳолади ва ўзларининг таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Ўзбекистоннинг ярмаркадаги тақдимоти бошқа иштирокчилардан фарқли кўриниш олди - деди «Sopoung Tour» туристик компанияси раҳбари Ким Кван Сонг. -Мен ватанингизнинг тарихда тутган ўрни ва бой маданий меросидан жуда яхши хабардорман. Бугунги тақдимотдан сўнг Ўзбекистонга саёҳат қилиш ва унга боғлиқ янги лойиҳаларни амалга ошириш фикрим янада қатъийлашди. Мен бу ерда бир қанча сайёҳлик ташкилотлар билан Жанубий кореяликларнинг Ўзбекистонга ташрифини кенгайтириш борасида фикр алмашдим.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, KITS халқаро сайёҳлик ярмаркаси Жанубий Кореяда ўтказиладиган энг йирик халқаро ярмарка ҳисобланади. Бу галги тадбирда саксондан зиёд мамлакатдан 800 дан ортиқ сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари, эксперт ва мутахассислар иштирок этди.