Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати, ёш авлод вакиллари салоҳиятини намоён этиш учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Давлатимиз раҳбарининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги фармонининг мазмун-моҳияти тушунтириб берилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлат дастурида белгиланган тадбирлар ва долзарб вазифалар мамлакатимизнинг демократик ислоҳотлар йўлидан изчил бораётганининг яққол тасдиқлаши тадбир иштирокчилари томонидан эътироф этилди.
Йил дастурининг қамрови ва кўлами кенглиги, унда режалаштирилган тадбирларни молиялаштиришга қарийб 30 триллион сўмга яқин, 2 миллиард 600 миллион доллардан зиёд ва 57,5 миллион евро миқдоридаги маблағ йўналтирилиши таъкидланди.
“Давра суҳбати”да, шунингдек, жорий йил 10 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши якунлари бўйича ҳам маълумот тақдим этилди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.