Мулоқот чоғида мазкур музей мутахассислари билан тарихий ва маданий мерос объектларини асраш, оммабоп кўргазмалар ташкил этиш ва бошқа йўналишларда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш доирасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Учрашувда Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети кутубхонаси фондини бойитиш учун Корея Миллий музейи томонидан тайёрланган китоб ва қўлланмалар тўплами тақдим этилди.

Музей мутахассислари томонидан маълум қилинишича, ушбу тўплам сўнгги йилларда ўтказилган кўргазма ва тақдимотлар билан боғлиқ материаллардан ташкил топган бўлиб, “Ипак йўли” халқаро университетининг музейлар фаолиятини такомиллаштириш ва маданий мерос объектлари тақдимотларини ташкил этиш бўйича изланишларда жуда асқотиши мумкин.

Айтиб ўтиш жоизки, Жанубий Кореялик ҳамкорлар “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети фаолиятини такомиллаштиришда фаол иштирок этиб келмоқда.

Жумладан, 2021 йил давомида Кореянинг Ханянг университети, ЮНЕСКОнинг Осиё-Тинч океани минтақасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш таълим маркази (Asia-Pacific Centre of Education for International Understanding Under The Auspices of UNESCO) ва Корея маданий мерос фонди томонидан туризм саноати, маданий мерос, тарих, меъморчилик, хизмат кўрсатиш соҳаси ва бошқа мавзуларни қамраб олган юзлаб илмий қўлланмалар, дарслик, аудио ва видео материаллар “Ипак йўли” халқаро университетига беғараз ёрдам сифатида юборилган.