Жанубий Кореянинг кунлик нуфузли босма нашрларидан бири — «The Korea Times» газетасида Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова қаламига мансуб «Гендер тенглик стратегияси барқарорлик ва юксалишга хизмат қилмоқда» сарлавҳали мақоласи чоп этилди.
«Янгиланаётган Ўзбекистоннинг бугунги ривожланиш босқичидаги барча кўрсаткичлар асосий омили ҳам айнан инсон ва унинг манфаатлари ҳисобланади, — дейилади мақолада. — Шу боис, 2023 йилга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб ном берилди.
Ислоҳотларда халққа хизмат қилиш, аҳоли розилигига эришиш, уларнинг дарди билан яшаш, муаммоларини ҳал этиш устуворлик касб этади. Бундай жараёнларда очиқлик ва ошкораликка амал қилган ҳолда, инсон ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишдаги асосий натижа ва халқаро эътироф сифатида Ўзбекистон илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга — 2021-2023 йилларга сайланганини айтиб ўтиш мумкин».
Нашрда таъкидланганидек, ислоҳотларнинг бугунги босқичида мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ислоҳотлар тизимли давом эттириляпти.
«Бу ишларни янги поғонага олиб чиқиш мақсадида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди, - деб ёзади муаллиф.- Эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланди, аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати бекор қилинди. Ички ишлар тизимида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспектор лавозими жорий этилди».
Мақолада Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 7 мартдаги «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур тасдиқлангани маълум қилинган.
«Мазкур ҳужжат билан хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди ва амалий ижроси таъминланяпти. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда вояга етаётган қизларга олий таълим муассасасида таҳсил олиши учун 4 фоизли квота ажратилди», деб қайд этади манба.
Муаллиф ёзганидек, бугунги кунда юртимизда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси тайёрланди. Қонун лойиҳаси гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
2022 йил 20 июль куни Тошкент шаҳрида «Жаҳон конституцияларида аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қоидаларнинг акс эттирилиши» мавзусида халқаро жамоатчилик муҳокамалари (маслаҳатлашуви) бўлиб ўтди. Тадбирда хотин-қизларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди», деб таъкидлайди нашр.
«Бугун Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу, ўз навбатида, жамиятнинг энг асосий жабҳалари — сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда аёллар нуфузи, ҳар бир соҳада фаоллиги ортишига, опа-сингилларимизнинг жамият ҳаётидаги иштироки йил сайин кенгайишига хизмат қилмоқда», деб ёзади «The Korea Times».