Бюронинг Андижон вилояти ҳудудий бўлимлари томонидан биргина шу йилнинг июнь ойи 15 куни давомида 75 та қоидабузарлик ҳолатлари қайд этилди. 66 та истеъмолчи электр энергиясидан, 9 нафар истеъмолчи эса табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузган.

Мисол учун, куни кеча Жалақудуқ тумани, Қўртқи маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Мамаюсупов, Сўфиқишлоқ маҳалласида яшовчи фуқаро Д.Алимов, Қўрғонтепа тумани, Зарбулоқ  маҳалласида яшовчи фуқаро А.Усмоновлар ўз яшаш хонадонларида электр энергиясидан электр ҳисоблагичдан ташқари ноқонуний уланиб, фойдаланиб келаётганлик ҳолати аниқланган.

Пахтаобод туманида эса фукаро Б.Якубов ўз хонадонида электр ҳисоблагич уланиш схемаларини ўзгартириб, ноқонуний равишда электр токидан фойдаланаётгани маълум бўлди.

Соҳа ходимлари Хонобод шаҳрида ҳам шу каби ноқонуний ҳолатларни ўрганиб бормоқда. Тадбирлар жараёнида Бюронинг Хонобод шаҳар бўлими тезкор ходими Обод кўчасида яшовчи фуқаро Ли.Василийнинг уйида табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб олганлик ҳолатини қайд этган.

Юқорида қайд этилган барча ҳолатлар юзасидан соҳа ходимлари томонидан тегишли далолатномалар расмийлаштирилиб, ўзбошимча фуқаролар тармоқдан узиб қўйилган.
Эндиликда, ушбу истеъмолчилар таъминотчи корхонага етказилган зарарни тўлаш билан бирга қайта улов учун жаримани тўлагандан сўнг тармоққа қайта уланиши мумкин.