Маълумот учун: «Jazeera Airways» Кувайтнинг энг йирик авиакомпанияларидан бири бўлиб, Европа, Яқин Шарқ ва Осиёнинг 40 га яқин мамлакатига мунтазам рейсларни амалга оширади ҳамда энг янги A 320 самолётлар паркига эга. Музокаралар давомида Кувайтдан Ўзбекистоннинг шаҳарларига тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш, мамлакатимизга кувайтлик сайёҳлар оқимини ошириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Кувайт томонга Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, туризм соҳасидаги ислоҳотлар, фуқаролик авиаташувлари бозорини либераллаштиришга оид чора-тадбирлар, ҳудудий аэропортларда «очиқ осмон режими»нинг жорий қилиниши ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, республикамизда жаҳон хавфсизлик стандартларига жавоб берувчи ва тиббиёт соҳасидаги сўнгги ютуқларга мувофиқ сайёҳлар учун яратилган янги «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» санитар-эпидемиологик хавфсизлик тизимига эътибор қаратилди.
Кувайт делегацияси вакиллари 2021 йилнинг март ойидан «Кувайт – Тошкент» йўналиши бўйича мунтазам авиарейс очилишига, келгусида эса Ўзбекистоннинг бошқа туристик марказларига авиақатновларни йўлга қўйишга қизиқиш билдиришди.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарияти меҳмонларни «Jazeera Airways»нинг Ўзбекистонга парвозлар географиясини кенгайтиришга доир ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашга ҳамда тез орада авиарейсларни йўлга қўйишга рухсат олишга кўмак беришга ишонтирди.
Учрашувлар якунига кўра, томонлар Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Кувайтда тарғиб қилиш, ушбу араб давлатида мамлакатимизнинг танилиши ва сайёҳлар оқимини оширишга йўналтирилган промо-тадбирлар ва инфо-турларни биргаликда ўтказишга келишиб олишди, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.