Суҳбат чоғида Подшоҳ Абдулазиз номидаги университет доктори Надия бинт Алимжан Қурбан ўз ота-боболарининг юрти - Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари хусусида сўзлар экан, беш йил бурун “VIII-IX асрларда Бухоро ва Самарқанд шаҳарлардаги илмий ҳаёт” мавзусида докторлик диссертацияси ёқлаганини маълум қилди.
Ушбу диссертацияни ёзиш жараёнида Надия Қурбан бир неча бор Ўзбекистонда бўлиб, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик қўлёзмалар институтидаги тарихий асарларни ўргангани, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги тарихий иншоотларни бориб кўрганини қайд этди.
Диссертация учта боб, саккизта бўлимдан иборат бўлиб, унда “Тоҳирийлар ва Сомонийлар даврида Мовароуннаҳр шаҳарларидаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, Бухоро ва Самарқанд ҳокимларининг илм-фанга эътибори, Бухоро ва Самарқандда илм-фан ривожи ва буюк мутафаккир олимларининг ижодий фаолияти” тўғрисидаги маълумотлар ўз ифодасини топган.
Шу ўринда Бош консулхона ходимлари Надия Қурбанга мазкур диссертация материаллари асосида китоб нашр этишни таклиф қилди. Ушбу китоб учун Бош консулхона томонидан зарур фотосуратлар (“Усмон мусҳафи”, Самарқанд ва Бухородаги тарихий обидаларнинг суратлари) тақдим этишга ҳозирлик билдирилди.
Суҳбатдошлар Саудия Арабистони Кўнгилочар тадбирлар Бош қўмитаси томонидан 2023 йил февраль ойида Жидда шаҳрида маданий фестиваль ўтказилиши режалаштирилаётгани ва бу борада катта тайёргарлик ишлари бошлаб юборилганини маълум қилишди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистондан “Бухорча” ансамбли ва дуторчи қизлар жамоасини таклиф этиш асносида Ўзбекистон вакилларининг иштирокини таъминлашга келишиб олинди.
Суҳбат чоғида “Man's World” (Алам ар-Ражул) журнали таҳририятининг ижрочи котиби Абдулраҳмон Туркистоний эса Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тўғрисида мақолаларни чоп этишга тайёр эканлигини билдирди.