Инсон қадрини улуғлашнинг энг биринчи шарти эса унинг хавфсизлигини таъминлаш ва тинч-осуда ҳаёт кечиришига шароит яратишдир. Бу борада «Маҳалла еттилиги» ва жамоатчиликнинг ўрни беқиёсдир.
Жиноятчиликка қарши курашиш — бу нафақат содир этилган жиноятни иссиқ изидан фош этиш, балки унинг келиб чиқиш сабабларини барвақт аниқлаш ва бартараф этиш демакдир. Бу борада маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ва аҳоли ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси мутлақо янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–1-сон қарори маҳалла тизимида жиноятчиликка қарши курашиш «умумхалқ ҳаракати»га айлантиришда бош омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, жиноят содир этилгандан кейин унинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини илдизи билан йўқотиш асосий вазифадир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–1-сон қарори асосида маҳаллабай ишлаш тизимининг йўлга қўйилгани ҳар бир хонадонга, ҳар бир инсон тақдирига индивидуал ёндашиш имконини бермоқда.
Янги тартибга кўра, жиноятчиликнинг олдини олиш фақат профилактика инспекторининг иши эмас. Эндиликда маҳалла раиси бошчилигидаги «еттилик»нинг ҳар бир аъзоси ўз йўналиши бўйича хавфсизликни таъминлашга ҳисса қўшмоқда: Ҳоким ёрдамчиси: ишсизликни камайтириш орқали иқтисодий жиноятларнинг олдини олади. Ёшлар етакчиси: ёшларни «кўча маданияти» ва ёт ғоялар таъсиридан асрайди. Хотин-қизлар фаоли: Оилалардаги маънавий муҳитни соғломлаштиради. Ижтимоий ходим: Оғир аҳволдаги шахсларга руҳий ва ижтимоий кўмак бериш орқали уларни жиноят кўчасига кириб қолишдан асрайди.
Кўп ҳолларда жиноятнинг негизида оилавий низолар, ишсизлик ёки маънавий бўшлиқ ётади. Маҳалла бу борада: нотинч оилалар билан ишлаши, яъни оиладаги зўравонлик ёки доимий жанжаллар келгусида оғир жиноятларга сабаб бўлиши мумкин. Маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоллари ва профилактика инспектори бундай оилаларга кириб, низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш чораларини кўриши шарт. Ишсизлик — жиноятга етакловчи асосий омиллардан бири. Маҳалла ҳоким ёрдамчиси билан биргаликда ёшларни ва ишсиз фуқароларни касбга йўналтириши, имтиёзли кредитлар олишга кўмаклашиши керак.
Жиноят содир этувчиларнинг маълум бир қисмини ёшлар ташкил қилишини инобатга олсак: маҳаллада турли спорт тўгараклари ва китобхонлик тадбирларини кўпайтириш лозим. “Ҳуқуқий маданият” каби лойиҳалар орқали тарбияси оғир ўсмирларни жамиятга мослаштириш чора-тадбирларини мунтазам амалга оширилиши таъминланиши керак. Интернет ва ижтимоий тармоқлардаги зарарли оқимларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантиришни янада ривожлантириш керак.
Қарорнинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, маҳаллада «хавфсиз муҳит»ни яратиш учун жамоатчилик назорати кучайтирилиши лозим. Бефарқлик ҳукм сурган жойда жиноят илдиз отади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–1-сон қарори доирасида маҳалла еттилигининг жипслашиши — жиноятчиликка қарши мустаҳкам тўсиқдир. Агар ҳар бир маҳалла ўз ҳудудини «жиноятдан холи ҳудуд»га айлантирса, бу бутун мамлакат хавфсизлиги ва фаровонлигига қўшилган энг катта ҳисса бўлади.
А.Баратов,
ТДЮУ ўқитувчиси