Мурожаат Жиззах вилояти Экология бошқармаси томонидан ўрганилди. Ўрганиш давомида Дўстлик тумани Мевазор МФЙ ҳудудидан ўтувчи «Саркисов» канали ёқасида 13 туп тут дарахти ноқонуний кесилганлиги аниқланди. Натижада Ўзбекистон Республикаси «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунининг 4, 37, 49-моддалари талаблари бузилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини сақлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 93-сонли қарорига асосан айрим тут дарахти турлари, хусусан, кесилган тутлар қимматбаҳо дарахт турига киритилган.

Ҳуқуқбузарлик натижасида ўсимлик дунёсига 369 миллион 375 минг сўм зарар етказилгани маълум бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сонли қарорига кўра эса давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий даврида дарахтлар ва буталарга етказилган зарар учун ундириш суммалари икки бараварга оширилган ҳолда қўлланилиши белгиланган. Шунга асосланган ҳолда етказилган зарар миқдори 738 миллион 750 минг сўм миқдорида белгиланди.

Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида Дўстлик туман прокуратурасига юборилди.