“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан 2022 йилнинг январ-март ойларида 51 та (2021 йилнинг шу даврида 53 та) текширувлар амалга оширилган. Текширувлар жараёнида темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солишга оид норматив ҳужжатлар талаблари бузилганлиги юзасидан жами 4360 та камчилик аниқланган бўлиб, шулардан 2263 таси хавфсизликка таҳдид солувчи камчиликлардир.
Ҳисобот даврида жами 137 та темир йўллари, 44 та локомотив, 277 та юк ва йўловчи вагонлари носозлиги ёки фойдаланиш муддати ўтганлиги аниқланиб, фойдаланишдан тўхтатилган. Текшириш натижалари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тадбиркорлик субъектларига тақиқловчи чораларни белгиловчи бажарилиши мажбурий бўлган 50 та кўрсатма берилган.
Инспекция томонидан тақдим этилган кўрсатмалардаги 4360 та камчиликдан 3901 таси тўлиқ бартараф этилиши таъминланган. Бугунги кунда 459 та қоидабузилишларнинг бартараф этилиши инспекторлар томонидан назоратга олинган.
Бартараф этилмаган камчиликлар юзасидан инспекция томонидан ҳудудлардаги Иқтисодий судларига 1 та даъво аризаси киритилган бўлиб, инспекция фойдасига ижобий ҳал қилинган. Темир йўл транспорти корхоналари ва ташкилотлари томонидан темир йўлларда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга ва темир йўлда ташишлар хавфсизлигини таъминлайдиган техник воситаларнинг ишончлилигини оширишга қаратилган 1075 та комплекс профилактика чора-тадбирлари ўтказилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, вазирлик ва идораларга қарашли темир йўлларда йўл қўйилган темир йўл ташишлари хавфсизлиги бузилишларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, темир йўлларда ташишлар хавфсизлиги бузилишига 10 та ҳолатда ҳаракатдаги таркиб ва техник воситаларнинг техник носозлиги, 5 та ҳолатда – “инсон омили”нинг салбий таъсири сабабли юзага келган.
Бундай муаммоларнинг олдини олиш мақсадида темир йўлларда юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича 2022 йилнинг якунигача 162 та текширув ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, темир йўлларда поездлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган комплекс профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш ҳамда 6 та норматив ҳуқуқий ва норматив ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.