Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг янги тури аниқлангани сабабли Британия расмийлари билан яқин алоқада эканини айтди.

“Биз Буюк Британия расмийлари билан вируснинг янги тури бўйича яқин алоқада бўлиб турибмиз”, дейилган ЖССТининг Twitterдаги хабарида.

Хабарда улар таҳлил ва тадқиқотлар натижаларини баҳам кўришда давом этишлари таъкидланган. Бундан ташқари, ташкилот янги штаммнинг хусусиятлари ва ҳар қандай оқибатлари тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш ниятини эълон қилди.

Аввалроқ инглиз генетиклари COVID-19нинг  шу пайтгача маълум бўлган туридан кўра тезроқ тарқаладиган янги инфекцияни аниқлаганлари ҳақида хабар берилган эди.

Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Мэтт Хэнкокнинг сўзларига кўра, Англиянинг жанубидаги турли ҳудудларда аллақачон янги турдаги вирус билан минг нафарга яқин одам рўйхатга олинган ва уларнинг сони тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Шу билан бирга, вируснинг янги мутацияси касалликнинг оғир кечишига олиб келади, деб ўйлаш учун ҳеч қандай асос йўқ.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон фавқулодда матбуот анжуманида янги навбатдаги чекловлар жорий қилинганини эълон қилди. Чеклов чоралари якшанба кунидан бошлаб Лондон ва Англиянинг жануби-шарқида кучга киради.