Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси Бирдамлик ва «COVID-19»га жавоб бериш глобал жамғармаси орқали ЖССТ Бош қароргоҳи томонидан харид қилинган, умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларидан ортиқ ва умумий оғирлиги 85 тоннага яқин бўлган инсонпарварлик юкини «COVID-19» пандемиясига жавоб чора-тадбирлар доирасида, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида, Ўзбекистон Республикасига етказиб берди.

Инсонпарварлик юкини жўнатиш икки босқичда амалга оширилди. Биринчи партия Тошкентга 8 июлда етиб келиб, ўз ичига юз учун 619 400 та ҳимоя қалқончаси ва 2 176 000 дона жарроҳлик ниқобини олди. Иккинчи партия пойтахтга 17 июлда етказиб берилди. У шахсий ҳимоя воситалари, жумладан, ҳимоя кўзойнаги (95 200 дона), ҳимоя халатлари (178 000 дона), жарроҳлик ниқоблари (12 000 дона), KN95 респиратор ниқобларидан (1 064 000 дона) иборат эди.

Юк Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига топшириш учун мўлжалланган.

Олинган инсонпарварлик юки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистонга кўрсатилаётган ёрдамнинг бир қисмидир.