“Баъзан шундай бўладики, нимадир ўқигинг келади, бироқ уни чоп этилган китоблардан топа олмайсан. Ёзилган китобларнинг аксарияти, ҳатто энг машҳур адиблар томонидан битилгани ҳам сен истаган нарсани бера олмай қолади, кўнглингни тўлдирмайди, нимадир етишмай туради. Кўпинча самимиятдан йироқ, сунъий битикларга дуч келасан.”

Журналист Роҳат Қурбонованинг “Қиз қалби” номли китобига ёзган сўзбошисини профессор Жаббор Эшонқулов шундай бошлаган.

— Роҳатой Қурбонованинг “Қиз қалби” асари билан танишарканман, биринчи галда муаллифнинг самимияти эътиборимни тортди. Муаллиф сизни ишонтириш учун чиранмайди, сиз ишонмаган турли воқеаларни ўйлаб топиб ғашингизга тегмайди, сўзбозлик қилмайди, — дея давом этади сўзбоши муаллифи.

Дарҳақиқат, “Қиз қалби”да қаҳрамон ҳаётининг маълум бир даври ҳақида ҳикоя қилинади. Унга ҳаётий воқеа асос қилиб олинган. Қисқа қилиб айтганда, етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма тушунаверадиган асарлардан бири.

Асар муаллифи икки оила мисолида кўплаб инсонларнинг қувончлари, ўй-ташвишлари, изтиробларини акс эттиришга ҳисса қўша олган.

Жаббор Эшонқул айтганидек, мазкур асарининг чоп этилиши кўплаб китобхонларни хурсанд қилади.

Муножат Мўминова