Агар асосий қарздор ўз мажбуриятларини бажармаса, қарзни тўлаш юки тўлиқ ёки қисман кафил зиммасига тушиши мумкин.

Шу боис, кафиллик масаласида ҳуқуқ ва мажбуриятларни аниқ билиш, хавфларни олдиндан баҳолаш ва ўзини ҳимоя қилиш чораларини кўриш жуда муҳим. 

Кафил қандай ҳолатларда жавобгарликдан озод бўлади? Банк унинг ҳисобварақ ёки картасидан пул ушлаб қолиши қонунийми? Кафил қарзни тўлаб берганидан кейин маблағини қандай қайтариб олади?

Ушбу ва бошқа муҳим саволларга жавоб олиш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти профессори, юридик фанлар доктори Дониёр Рахимов билан суҳбатлашдик.

Кафиллик нима?

— Кафиллик бу бир шахс (кафил) бошқа шахснинг (қарздорнинг) мажбуриятини тўлиқ ёки қисман бажаришни ўз зиммасига олиши демакдир.

Агар қарздор кредит шартларини бажармаса, кредитор (масалан, банк) қарзни кафилдан талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Кафиллик:

· тўлиқ жавобгарлик;

· ёки қисман жавобгарлик

шаклида бўлиши мумкин. Бу ҳолат шартномада қандай белгиланганига боғлиқ.

Агар шартномада жавобгарлик ҳажми аниқ кўрсатилмаган бўлса, одатда қарздор ва кафил солидар жавобгар ҳисобланади. Бу эса кредитор қарзни тўлиқ равишда кафилнинг ўзидан талаб қилиши мумкинлигини англатади.

Кафиллик шартномаси қандай тузилади?

— Кафиллик шартномаси албатта ёзма шаклда тузилиши шарт.

Шартномада қуйидагилар аниқ кўрсатилиши лозим:

· жавобгарлик ҳажми (тўлиқ ёки қисман);

· қарз миқдори;

· фоизлар, пеня ва бошқа қўшимча харажатлар;

· суд харажатлари масаласи;

· амал қилиш муддати;

· бекор қилиш шартлари.

Жавобгарлик ҳажми ва муддат аниқ кўрсатилмаган шартнома келажакда жиддий низоларга сабаб бўлиши мумкин.

Кафил қандай ҳолатларда жавобгарликдан озод бўлади?

— Кафиллик асосий мажбуриятга боғлиқ бўлган қўшимча мажбурият ҳисобланади. Шу сабабли қуйидаги ҳолатларда кафил жавобгарликдан озод бўлиши мумкин:

1. Асосий қарз тўлиқ қопланган бўлса.

2. Шартномада белгиланган муддат тугаган бўлса.

3. Агар шартномада муддат кўрсатилмаган бўлса ва кредитор бир йил давомида кафилга нисбатан талаб қўймаса.

4. Кафил розилигисиз унинг жавобгарлик ҳажми оширилган бўлса.

5. Шартнома алдов, таҳдид, зўравонлик ёки янглишиш таъсирида тузилган бўлса (бу ҳолат судда исботланиши керак).

6. Шартнома қонун талабларига зид бўлса ёки муомалага лаёқатсиз шахс томонидан имзоланган бўлса.

Суд шартномани ҳақиқий эмас деб топса, у тузилган пайтдан бошлаб кучга эга бўлмаган деб ҳисобланади.

Банк кафилнинг картасидан пул ушлаб қолиши мумкинми?

— Агар кафил солидар жавобгар бўлса, кредитор қарзни тўғридан-тўғри кафилдан талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Бироқ пулни мажбурий тартибда ундириш суд қарори ёки ижро ҳужжати асосида амалга оширилади.

Қонунчиликка кўра:

· иш ҳақининг 100 фоизини ушлаб қолиш мумкин эмас;

· одатда 50 фоизгача ушлаб қолиниши мумкин;

· шахс ва унинг оиласи яшаши учун етарли маблағ қолдирилиши шарт.

Демак, кафил тўлиқ даромадсиз қолдирилиши мумкин эмас.

Кафил тўлаган пулни қандай қайтариб олади?

— Агар кафил қарзни ўз маблағи ҳисобидан тўласа, у регресс ҳуқуқига эга бўлади. Яъни у тўлаган суммани асосий қарздордан талаб қилиш ҳуқуқини олади.

Бу жараён одатда икки босқичда амалга оширилади:

1-босқич: Ёзма талабнома

Қарздорга ёзма равишда:

· тўланган сумма;

· тўлов асоси;

· қайтариш муддати

кўрсатилган талабнома юборилади. У почта орқали, хабарнома билан ёки тилхат асосида топширилиши мумкин.

2-босқич: Судга мурожаат

Агар қарздор белгиланган муддатда тўловни амалга оширмаса, судга даъво аризаси киритилади.

Судга:

· кафиллик шартномаси;

· тўловни тасдиқловчи ҳужжатлар;

· талабнома нусхаси

тақдим этилиши шарт.

Ҳужжатлар қанчалик тўлиқ бўлса, регресс талабини қондириш эҳтимоли шунчалик юқори бўлади.

Кафилнинг иш жойига хат юборилиши қонунийми?

— Агар ижро жараёни бошланган бўлса, ижро органлари иш берувчига расмий хат юбориши мумкин. Бу қонунга зид эмас. Бироқ барча ҳаракатлар белгиланган тартибда ва суд ҳужжати асосида амалга оширилиши лозим.

Имзо қўйишдан олдин нималарга эътибор бериш керак?

Кафиллик — бу шунчаки имзо эмас, балки молиявий таваккалчиликдир. Шунинг учун:

· Шартномани тўлиқ ўқинг.

· Жавобгарлик ҳажмини аниқ белгиланг.

· Муддатни кўрсатинг.

· Пеня ва қўшимча харажатларга чеклов қўйинг.

· Барча ҳужжатларнинг нусхасини сақланг.

· Зарур бўлса, ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашинг.

· Босим ёки тушунмовчилик шароитида ҳужжат имзоламанг.

Кафиллик муддати тугаганда нима бўлади?

— Агар шартномада аниқ муддат белгиланган бўлса, шу муддат тугагач кафиллик бекор бўлади.

Бироқ асосий мажбурият амал қилишда давом этаётган ва шартнома муддати тугамаган бўлса, кафиллик ҳам ўз кучида қолади.

Кафиллик жиддий ҳуқуқий ва молиявий оқибатларга эга.

Зеро, қонун кафилнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади, аммо энг муҳим ҳимоя воситаси — бу тўғри ва пухта тузилган шартнома ҳамда шахсий ҳушёрликдир.

Шунинг учун бирор ҳужжатга имзо қўйишдан олдин барча шартларни чуқур ўрганинг. Акс ҳолда, бировнинг қарзи сиз учун узоқ муддатли молиявий муаммога айланиши мумкин.

 

Зулхумор Акбарова