— Лондонда магистратурада ўқиётган пайтимда ўзбек профессори, мусиқашунос Азиза Султонова билан танишиб қолдим. Дуторни жуда яхши чалар экан. Азиза опа янги йилга ўзи ташкиллаштирган тадбирда менга дутор чалишни тавсия қилган. Ўшандан буён, яъни 2002 йилдан дутор чалишга қизиқиб қолдим ва шу санъатни ўрганяпман. Ўзбек халқ куйлари, бастакорлик бўйича Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори Рўзиби Хўжаевадан сабоқ олдим. Малика Зиёевадан мақом сирларини ўргандим. 2008 йил ўзбекистонлик устозларимнинг ёрдами билан Калифорния университетида дутор ансамблини очдик. Устозларим талабаларимизга маҳорат дарслари ўтади. Турли тадбирлар ташкил этишга ёрдам беришади. Умуман олганда, мендан меҳрини аямайди. Уларга чексиз муҳаббатим исботи ўлароқ, Ўзбекистондаги аёл мусиқачилар ҳақида китоб ёздим. Илмий-амалий конференциядаги маърузамда дутор ансамбли, Калифорниядаги устоз-шогирдлик анъаналари ҳақида батафсил тўхталдим.
Шу ўринда айтмоқчиманки, давлатингиз раҳбарининг маданият ва санъатга бўлган юксак эътибори, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаши жуда кўп ютуқларга омил бўляпти. Шунинг учун мен ўзбекистонлик санъат вакиллари билан ҳамкорликни янада кенгайтирмоқчиман.
Муножат Мўминова