“Якшанба куни Лос-Анжелес марказида жами 27 нафар ҳибсга олинди”, деди шаҳар полицияси бошлиғи Джим Макдоннелл кечки матбуот анжуманида, деб хабар бермоқда CNN.
Бундан ташқари, полиция маълумотларига кўра, бир кун олдин Сан-Францискода 60 га яқин намойишчи қўлга олинган. Уларнинг сўзларига кўра, акция тинч бошланганига қарамай, тартибсизликларга айланган: иштирокчиларнинг баъзилари ўзларини тажовузкор тарзда тута бошлаган, хавфсизлик кучлари ҳужумлар, бузғунчилик ва патрул машинасига зарар етказилганини қайд этган. Шу билан бирга, намойишчилар тарқалишдан бош тортишди.
“60 га яқин киши қўлга олинди, улар орасида вояга етмаганлар ҳам бор. Воқеа жойидан бир дона ўқотар қурол топилди”, деб хабар берди бошқарма, Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Икки нафар полициячи ҳам яраланган, улардан бири шифохонага ётқизилган.
АҚШ Иммиграция ва божхона назорати (ICE) томонидан Лос-Анжелес шаҳар марказида ноқонуний муҳожирларни аниқлаш учун ўтказган рейд аввалроқ намойишчилар билан тўқнашувга айланган эди. Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт шаҳарга Миллий гвардиянинг икки минг аскари жўнатилишни маълум қилди. Ўз навбатида, АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет Лос-Анжелесга денгиз пиёдалари корпусини жойлаштириш имкониятини истисно этмади.
20 январь инаугурация куни Дональд Трамп АҚШнинг 47-президенти сифатидаги биринчи нутқида ноқонуний муҳожирларнинг Америка ҳудудига кириб келишини зудлик билан тўхтатишга ва миллионлаб муҳожирларни экстрадиция қилиш жараёнини бошлашга ваъда берди. Шунингдек, у АҚШнинг жанубий чегарасидаги вазият туфайли бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди, деб хабар беради ria.ru.