Ўтган ҳафта пойтахтимизда бўлиб ўтган Камбағалликни қисқартириш бўйича II Халқаро форум ўз ишини якунлади. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими мазкур форум тафсилотлари ва имзоланган самарали битимларга тўхталди.
Унда келтирилишича, форумнинг 6 та тематик панел сессиялари доирасида кенг кўламли масалалар муҳокама қилиниб, ривожланаётган мамлакатлар учун муаммолар ва таклифлар билдирилди. COVID-19 пандемияси, жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик ва бошқалар каби муаммоларга қарамай, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш соҳасида эришилган ютуқлар қайд этилди.
Форумда 300 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан, нуфузли халқаро ташкилотлар ва ҳамкор давлатларнинг 100 дан ортиқ таниқли экспертлари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшан Гулямов ўқиб эшиттирди.
Мурожаатда “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида янги босқичга кўтарилган камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотлар қатъий давом эттирилиши алоҳида таъкидланган.
Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини тўлиқ амалга ошириш, шунингдек, инсон капиталини ривожлантириш мақсадида камбағалликка қарши курашнинг бешта асосий йўналиши белгиланди.
Биринчидан, хусусий сектор ва тадбиркорлик учун энг қулай шароитларни яратиб бериш.
Иккинчидан, “ижтимоий реестр” тизими доирасида камбағал оилаларни индивидуал ёндашув асосида манзилли қўллаб-қувватлаш дастурларини жадал давом эттириш.
Учинчидан, ногиронлиги бўлган шахслар, хотин-қизлар, нуронийлар, алоҳида эътиборга муҳтож аҳоли қатламларига маҳалланинг ўзида юздан ортиқ ижтимоий хизматларни кўрсатиш йўлга қўйиш.
Тўртинчидан, аҳоли ўзи танлаган лойиҳаларга “очиқ бюджет” тизими орқали ажратилаётган маблағлар ҳажмини кескин кўпайтириш.
Бешинчидан, ҳар бир шахснинг сифатли таълим ва тиббиёт хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилган ишларимизни тобора кенгайтириш.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев, Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати, АҚШ Миллий фанлар академияси аъзоси Абҳижит Банержи, Франция тараққиёт агентлиги Бош ижрочи директори Реми Риу, Жорж Вашингтон университетининг фаровонлик иқтисодиёти ва камбағалликни ўлчаш бўйича иқтисод профессори Жеймс Фостер ҳамда Оксфорд камбағалликка қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш ташаббуси директори Сабина Алькайр, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдиль Байсалов Форум иштирокчиларига ўз самимий тилакларини билдиришди.
Форумда Ўзбекистоннинг камбағаллик ва тенгсизликка қарши курашдаги фаол ҳаракатлари юқори баҳоланди. 2 млн 300 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилалар, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ҳимоя тизими билан тўлиқ қамраб олингани қайд этилди.
Нобель мукофоти лауреати Абҳижит Банержи Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, ижтимоий дастурлар яратиш, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадларини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, қабул қилинаётган турли дастурлар самарадорлигини тушуниш учун қўлланиладиган воситаларга эътибор қаратди.
"Буларнинг барчаси жуда қийин иш, лекин мен сизнинг мамлакатингиз камбағалликка қарши қандай курашиш кераклигини ўз мисолида бошқа мамлакатларга кўрсатаётганидан хурсандман. Бугун шу ерда туриб, мен бу мамлакатдаги ўзгаришлар руҳини ҳис қиляпман ва сиз билан бирга: "келинглар, буни қилайлик", дейишдан фахрланаман”, — деди Нобель мукофоти совриндори.
Форум доирасида Президент маслаҳатчиси ўринбосари, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов модераторлигида Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш тажрибасини ўрганишга бағишланган Ялпи сессияи бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Мусаев, Покистон ташқи ишлар ва инсон ресурсларини ривожлантириш федерал вазири Сажид Ҳусайн Тури, Жорж Вашингтон университети қошидаги Эллиот халқаро алоқалар мактаби профессори Д.Фостер, Хитойнинг камбағалликни камайтириш халқаро маркази директори Лю Жунвен, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Консуэло Видаль Брюс ва бошқалар тақдимот қилди.
Форум якунида бир қатор ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди ва янги қўшма лойиҳалар, жумладан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва J-PAL ўртасидаги ҳамкорлик Меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Форум доирасида хорижлик экспертлар ва ҳамкорлар Ўзбекистон ҳудудларига ташриф буюришди, Бухоро вилоятидаги "Маданият" маҳалласи мисолида "маҳаллабай" тизими асосида жойларда олиб борилаётган ишлар намойиш этилди. Ҳудудлардаги ишларни ўрганиш натижаларига кўра, экспертлар Ўзбекистондаги стратегия ва давлат дастурлари таъсирини мониторинг қилиш ва самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, орттирилган тажрибани ривожланаётган мамлакатларда янада кенг тарқатиш мақсадида камбағалликни қисқартиришнинг ўзбек моделини чуқурроқ ўрганиш зарурлигини таъкидладилар.