Пойтахтимиздаги Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида камондан отиш бўйича “Алпомиш ва Барчиной” номли халқаро мусобақа старт олди, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати. Бугун мазкур турнирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Бу йилги баҳсларда ҳамюртларимиздан ташқари, Қозоғистон, Тожикистон, БАА, Қирғизистон каби давлатлардан 100 нафарга яқин спортчи ғолиблик учун беллашмоқда.

Бугундан мусобақанинг 5 та дастури бўйича саралаш босқичи бошланди. 26 август куни барча йўналишларда ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, камондан отиш бўйича “Алпомиш ва Барчиной” мусобақаси бу йил иккинчи бор ўтказилмоқда.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Президентимиз раислигида 2018 йил 20 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда аҳоли, айниқса, ёшларни спортга кенг жалб қилиш учун “Алпомиш” ва “Барчиной” тестларини мусобақа тарзида ўтказиш вазифаси қўйилган эди.

2019 йилнинг 29 январь куни эса Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва аҳолини жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилиниб, унга асосан, юртимизда умумий жисмоний тайёргарликни белгиловчи спорт меъёрларини ўз ичига олган "Алпомиш" ва "Барчиной" тестлари ўтказилиши йўлга қўйилди.

Мусобақа тарзида ташкил этиладиган, 6 ёшдан бошлаб барча инсонлар қатнашадиган "Aлпомиш" ва "Барчиной" махсус тестлари турли шартлар асосида 12 та ёш тоифаси бўйича ҳар йили 2 маротаба ўтказилади.