Очиқлик сиёсатини юритаётган Ўзбекистонга ҳамкор мамлакатлар ва инвесторларнинг сармоя киритишга қаратаётган эътибори туфайли ялпи ички маҳсулот ҳажми ортади. Хорижий давлатлар билан манфаатли ҳамкорлик Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши, ривожланиши, инвестиция ҳажми ортиши, экспорт- импорт операцияларидаги сезиларли ўзгаришлар ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад ошишида ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Россия, АҚШ, Хитой, ЕИ ва бошқа мамлакатлар билан муносабатларни бирдек йўлга қўйди. Масалан, жорий йилнинг июнь ойида Брюсселда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Бу тарихий воқеадир. Чунки мазкур ҳужжат расмий Тошкентнинг кўп векторли дипломатия моделидан ўзаро боғлиқликнинг янги моделига ўтишини англатади.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2020 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга киритган тўғридан тўғри инвестициялари 43 фоиз ўсди, Европа билан савдо айланмаси эса умумий савдонинг қарийб 10 фоизини ташкил этмоқда. Европа Иттифоқи билан тузилган битим Ўзбекистонга Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлини ҳам очади.
Айни пайтда Ўзбекистон Хитой билан мустаҳкам шериклик муносабатларини ривожлантиришда давом этмоқда. 2024 йилда икки томонлама товар айирбошлаш 14 миллиард доллардан ошди. Шу йилнинг 2 сентябрь куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги барча шароитларда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Савдо-иқтисодий, технологик ва молиявий-инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Инвестиция лойиҳалари портфели 60 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда. 2024 йилда умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ 64 та лойиҳа ишга туширилган. Мамлакатимиз ҳудудларида қўшма технопарклар ва махсус индустриал зоналар фаолият юритмоқда, “BYD” электромобилларини ишлаб чиқариш кенгайтирилмоқда ва маҳаллийлаштириш даражаси оширилмоқда. “Яшил” энергетика ва энергия самарадорлигини ошириш, жамоат транспортини модернизациялаш, рақамлаштириш, пулли автомобиль йўлларини барпо этиш, муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш, шунингдек, кимё, сув ва қишлоқ хўжалиги, туризм ҳамда шаҳарсозлик соҳаларида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган. Ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашди. Хитой тажрибаси асосида мамлакатимизда камбағалликка барҳам беришга қаратилган қўшма тадбирларни амалга оширишда экспертлик кўмаги давом эттирилади. Инновацион лойиҳаларни илгари суриш ва мутахассислар тайёрлаш учун Ўзбекистон — Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
Ўзбекистон Президентининг АҚШга ташрифи ҳам икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради. Ушбу ташриф якунлари бўйича келгуси ҳамкорлик учун аниқ йўналишлар белгилаб олинди. Ўзбекистон Президентининг АҚШга тарихий сафари мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириб, Марказий Осиё минтақасининг глобал жараёнлардаги иштирокини мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон ўзининг капитал бозорлари архитектурасини Ғарб нормаларига мослаштиришга интилмоқда ва активлар билан ишлайдиган машҳур Franklin Templeton компанияси билан биргаликда Миллий инвестиция фондини ташкил этди. Бу фонд қатор давлат мулкларини хусусийлаштириш билан шуғулланмоқда. Самарасиз давлат корхоналарини хусусийлаштириш аллақачон натижалар берди. Чунки хорижий инвесторлар тобора кўпроқ жалб қилинмоқда. NASDAQ Ўзбекистон фонд биржасини модернизация қилиш йўлларини ўрганмоқда. Ўзбек банклари ва давлат корхоналари эса Citigroup ёрдамида халқаро фонд биржаларига муваффақиятли жойлаштирилди. Натижалар яққол кўриниб турибди. Boeing билан 22 та самолёт учун 8,5 миллиард долларлик шартнома имзоланди. Air Products Ўзбекистонда саноат кимёси ва газ соҳасида стратегик лойиҳаларни амалга оширмоқда. АҚШнинг 300 дан ортиқ компанияси Ўзбекистонда фаолият юритмоқда.
Россия ҳам Ўзбекистон учун муҳим, устувор стратегик шерик ва иттифоқчи. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона ҳамда ишончли муносабатлар бундай ҳамкорликнинг мустаҳкам асоси ҳисобланади. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Россиянинг етакчи компаниялари билан саноат бўйича шерикликни фаол кенгайтирмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия капитали ёки мамлакатимиз фуқаролари муассислари бўлган 3000 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Бу шундан далолат берадики, Россия бизнеси анъанавий экспорт моделидан ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш каби мураккаб механизмларга ўтишни бошлади.
Марказий Осиё давлатлари саъй-ҳаракати билан минтақада янги иқтисодий воқелик шаклланмоқда. Сўнгги саккиз йил давомида минтақа мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти қарийб икки ярим баробар ўсиб, 520 миллиард долларга, ташқи савдо ҳажми эса икки каррадан зиёд кўпайиб, 253 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2 марта ошиб, қарийб 11 миллиард долларга, ўзаро инвестициялар эса 5,6 баробар ортди. Биргина Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2016 йилдаги 2,4 миллиард доллардан 2024 йилда 7,2 миллиард долларга етди, қўшма корхоналар сони эса 1800 дан ошди. Саноатда Марказий Осиё барқарор равишда йилига 6 фоиз атрофидаги ўсишни намойиш этмоқда, бу жаҳондаги ўртача ўсиш суръатидан икки карра юқори. Бундай муваффақият ишлаб чиқариш кооперациясининг янги шаклларини йўлга қўйиш — қўшма инвестиция фондларини ташкил этиш, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ. Минтақа мамлакатлари томонидан тасдиқланган 2025-2027 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси ҳамкорликнинг муҳим воситасига айланмоқда. Кичик ва ўрта бизнеснинг ўсишига кўмаклашадиган чегараолди савдо зоналари ва халқаро саноат кооперацияси марказлари фаол ривожланмоқда.
Президентимизнинг хорижий ташрифлари давомида эришилган энг муҳим ютуқлардан бири Ўзбекистонга кириб келаётган бевосита хорижий инвестиция ҳажми кескин ошишидир. Илгари нисбатан ёпиқ бўлган иқтисодиёт эндиликда хорижий сармоядорлар учун очиқ ва жозибадор майдонга айланди. Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланишида инвестиция, жумладан, хорижий сармояларнинг аҳамияти жуда катта.
ХХI асрнинг дастлабки чорагида иқтисодиётнинг глобаллашув жараёнлари ўзига хос даврга айланди. Мамлакатда иқтисодий ўcишни жадаллаштириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириб бориш жаҳон бозорига чиқиш, унинг устунликларидан фойдаланишни талаб қилади. Жаҳон бозорида халқаро иқтисодий муносабатларни муваффақиятли юритиш, ички ва ташқи бозорда миллий товарлар рақобатбардошлигини ошириш учун турли кўринишдаги хорижий инвестицияни миллий иқтисодиётга жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Сўнгги беш йилда Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган хорижий инвестиция ҳажми бир неча баравар ошган. Агар 2017 йилда бевосита хорижий инвестиция ҳажми 2,4 миллиард АҚШ долларига етган бўлса, жорий йил 35 миллиард доллар бўлди. Экспорт 27 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилдагига нисбатан 31 фоиз кўпайди.
Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар самараси халқаро рейтингларда ҳам муносиб аксини топмоқда. “Иқтисодий эркинлик индекси”даги Ўзбекистон ўрни сўнгги беш йилда 48 поғона юқори кўтарилди. Гарварднинг “Иқтисодиёт мураккаблиги индекси”да мамлакатимиз ўрни 28 поғонага яхшиланди. Нуфузли “S&P” агентлиги Ўзбекистоннинг суверен рейтинги прогнозини “барқарор”дан “ижобий”га оширди.
Инвестициялар нафақат молиявий ресурсларни, балки илғор технологиялар, замонавий бошқарув усуллари ва халқаро стандартларни ҳам олиб кирмоқда. Хорижий сармоялар саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, ахборот технологиялари каби қатор соҳаларни модернизациялашга, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишга ва мавжудларини техник қайта жиҳозлашга хизмат қилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ялпи ички маҳсулот ўсишининг асосий омилларидан биридир.
Фаол ташқи сиёсат савдо географияси ва таркибини сезиларли даражада кенгайтирди. Президентимиз ташрифлари давомида имзоланган савдо битимлари, эркин савдо ҳудудларини ташкил этиш бўйича келишувлар ва тарифсиз тўсиқларни камайтириш бўйича чора-тадбирлар экспорт ҳажми ўсишига ва янги бозорларга чиқишга имкон берди. Ўтган даврда мамлакатимиз иқтисодиёти икки карра ўсгани бунда муҳим омил бўлди. Шу йил якуни билан аҳоли жон бошига даромад 3,5 минг долларга етиши кутилмоқда.