Умумий майдони 83 гектарни ташкил этиб, шаҳарсозликнинг такрорланмас андозасини ўзида мужассам этаётган “Bukhara City” замонавий турар жой ва ишбилармонлик марказидан ўрин олган яна бир муҳим иншоот кўп қаватли "Karvon Shopping Centre" савдо мажмуасидир.

Америкалик инвесторлар ва маҳаллий ташаббускор тадбиркорлар томонидан барпо этилаётган йирик савдо мажмуаси 1 минг 717 та халқаро бренд ва ҳунармандлар учун савдо дўконлари, 36 та умумий овқатланиш, шунингдек, юздан ортиқ маиший ва техник хизмат кўрсатувчи шахобчалари, авиа ва темир йўл кассалари, банк филиаллари, кўнгилочар ва ахборот марказларини ўз ичига олади. Қолаверса, йирик савдо мажмуаси фойдаланишга топширилгач, келгусида унда 6 минг 500 дан ортиқ савдо ўрни барпо қилиниши кутилмоқда.

Бухоро вилоят ҳокимининг Туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботир Шахриёров ҳамда Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носиров “Bukhara City” замонавий турар жой ва ишбилармонлик марказида” бўлиб, олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

Ўрганишлар жараёнида  "Karvon Shopping Centre" савдо мажмуаси билан бирга, ҳудудда бораётган саъй-ҳаракатни тезлаштириш, айнан лойиҳаларни амалга оширишда халал бераётган объектларни бартараф этиш, таъминот ва бошқа масалада қурувчи-бинокорлар дуч келаётган масалалар ечими бўйича фикр-мулоҳаза алмашдилар.