Касб-ҳунарга ўқитиш аҳолининг иш билан бандлигини таъминлашда муҳим омиллардан ҳисобланади. Бугун шаҳримизда фаолият кўрсатаётган касб-ҳунарга ўқитиш марказида ҳам “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз хотин-қизлар ва ёшлар ўзларининг истакларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўрганмоқда.

Бугун шаҳримизга ташриф буюрган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ҳамроҳлигида марказдаги шарт-шароитларни кўздан кечирди.

Ўрганишлар давомида марказнинг ҳолатидан келиб чиқиб уни капитал таъмирлаш ва бунинг учун вазирлик тасарруфидаги давлат жамғармаси ҳисобидан тегишли маблағ ажратилиши ҳамда марказни келгусида нафақат шаҳар балки яқин туманлар аҳолисига ҳам хизмат қилиш учун имкон яратиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, Каттақўрғон шаҳрида “Коворкинг маркази” ҳамда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази учун янги бино қурилиши бўйича белгиланган лойиҳалар ҳам кўздан кечирилди ва бу борадаги ишлар ҳам келишилиб олинди.

Шаҳардаги кўзи ожизлар жамияти биносининг ҳолати билан яқиндан танишган вазир касб-ҳунар марказида имконияти чекланган фуқаролар учун ҳам касб-ҳунар ўрганишлари ва яшашлари учун керакли шароитларни яратиш бўйича таклифларини берди.