Мусобақа очилиш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари – Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Азамат Авазов, Касби тумани ҳокими Тўхтамурод Мейлиев, Ўзбекистон бел олиш ва уч кураш ассоциацияси бош котиби Носир Азизов ва бошқалар мамлакатимизда спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида гапириб, иштирокчиларга омад тилади.

Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бел олиш ва Уч кураш ассоциациясининг йиллик-тақвим режасидаги мамлакат чемпионатида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 400 дан ортиқ ёш полвонлар ғолиблик учун кураш тушмоқда.

Чемпионатнинг биринчи кунида ёш полвонлар бел олишнинг чалиш, ҳалқа – чалиш, ҳалқа – чалишсиз ҳамда уч курашнинг яктакли йўналишларида куч синашди.

Мазкур беллашувларда Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари спортчилари муваффақиятли иштирок этди. Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Таъкидлаш жоиз, 6 августдан уч курашнинг яктаксиз ва яктаксиз – ҳалқа йўналишига старт берилади. Беллашувлар 9 августга қадар давом этади.