Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тизимни модернизация қилиш, замонавий меҳнат бозори талабларига мослаштириш ҳамда ёшларни аниқ касб-ҳунарга йўналтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Энди касб ўрганишга нафақат эҳтиёж, балки ҳар бир фуқаронинг муносиб ҳаёт кечириши учун мустаҳкам пойдевор сифатида қаралади.
Хусусан, Касбий таълим агентлигининг ташкил этилиши ёшларда амалий
кўникмалар ва замонавий компетенцияларни шакллантириш, ўқувчиларни касбга
йўналтириш самарадорлигини ошириш, шунингдек, касбий таълим тизими бошқарувини
тубдан янгилашга кенг имконият яратди.
Шунингдек, техникумлар фаолиятини такомиллаштириш, дуал таълим
тизимининг жорий қилиниши, ишлаб чиқариш билан интеграциянинг кучайтирилиши,
замонавий ўқув дастурлари ва халқаро стандартларнинг татбиқ этилиши ушбу
йўналишдаги ислоҳотларнинг амалий ифодасидир. Эътиборли жиҳати шундаки, касбий
таълим тизими камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш ва ижтимоий
барқарорликни мустаҳкамлашда ишончли воситага айланиб бормоқда. Янги
Ўзбекистонда “инсон қадри учун” тамойили устувор аҳамият касб этар экан, касбий
таълим айнан шу ғоянинг амалий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда. Чунки
малакали, ўз касбининг устаси бўлган инсон нафақат оиласи таянчи, балки бутун
жамият ва давлат тараққиётини ҳаракатлантирувчи кучга айланади.
Мазмун ва зарурат
Бугун меҳнат бозори талаблари кун сайин, соат сайин ўзгариб бормоқда.
Эскирган, анъанавий касблар ўрнини инновацион, рақамли технологиялар ва креатив
ёндашув талаб қилувчи янги мутахассисликлар эгалламоқда. Айнан шу тизимли
муаммоларни тубдан ҳал қилиш, таълим ва меҳнат бозори ўртасида мустаҳкам кўприк
барпо қилиш мақсадида Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган
Мурожаатномасида касбга тайёрлашнинг мутлақо янги, замонавий архитектурасини
яратиш бўйича тарихий ташаббусларни илгари сурган эди. Қабул қилинаётган йирик
давлат дастурлари ёшларни эрта касбга йўналтиришдан тортиб, халқаро даражадаги
юқори малакали мутахассис қилиб етиштириш ва кафолатли иш билан таъминлашгача
бўлган узлуксиз занжирни ўзида мужассам этмоқда. Касбий таълим тизими олдидаги
энг долзарб масала битирувчи тақдири, унинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топа
олишидир. Зеро, касбий таълим натижаси аудитория билан эмас, балки ишлаб
чиқариш майдони ва реал иқтисодиётда ўз тасдиғини топади. Шу маънода, меҳнат
бозори билан уйғунлик касбий таълим соҳасидаги барча қарорларнинг бош мезони.
Мамлакатимизда бу борада туб бурилиш юз бермоқда десак, асло муболаға
бўлмайди. Энди таълим тизими иқтисодиёт эҳтиёжлари билан ҳамоҳанг
ривожланмоқда. Ҳар бир янги йўналиш, ўқув дастури ва қабул квотаси ортида аниқ
ҳисоб-китоб, чуқур таҳлил ва энг муҳими, меҳнат бозорининг реал талаби турибди.
Бугунги ёндашувнинг устувор жиҳати шундаки, унда иш берувчи оддий кузатувчи
эмас, балки жараённинг бевосита иштирокчисига айланмоқда. Бу эса кадрлар
тайёрлаш сифатини янги босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда. Қайси соҳада
қандай мутахассис кераклиги, у қандай кўникмаларга эга бўлиши зарурлиги назарий
фаразлар эмас, балки амалий эҳтиёжлар асосида белгиланмоқда. Натижада касбий
таълим тизими “натижа учун таълим” принципига ўтди. Энг муҳими, бундай ёндашув
таълим тизимига ҳам мослашувчанлик бахш этмоқда. Чунки бугунги меҳнат бозори
муттасил ўзгариб, янги касблар пайдо бўлмоқда, айримлари эса тарихга
айланмоқда. Бундай шароитда фақат меҳнат бозори билан ҳамнафас тизимгина
самарали ишлай олади.
Меҳнат бозори билан уйғунликни таъминлаш, табиийки, таълим мазмунини
қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Сабаби янги йўналиш ва касбларнинг пайдо
бўлиши бозор талабини ўзгартирмоқда. Қолаверса, сунъий интеллектнинг жадал
кириб келиши ҳам бу масалалар устида бош қотиришга ундайди. Шу сабабли замон
эҳтиёжларига жавоб берадиган билим ва кўникмалар ҳам мунтазам янгилаб борилиши
шарт. Бугун касбий таълим тизимида ўқув дастурларини модернизация қилиш жараёни
изчил давом эттирилмоқда. Энди дастурлар эскича ёндашув асосида эмас, бевосита
соҳа эҳтиёжлари, ишлаб чиқариш талаблари ва замонавий технологиялар ривожидан
келиб чиқиб шакллантирилмоқда.
Асосий устун
Касбий таълим тизимида шаклланаётган янги модель марказида дуал таълим
турибди. Бу ёндашув ўқитиш ва ишлаб чиқариш ўртасидаги анъанавий узилишни
бартараф этиб, иккисини ягона тизимга бирлаштираётган муҳим механизмга
айланмоқда. Бугун
510 дан ортиқ техникум, 14 мингдан зиёд корхона ва ташкилот ҳамда 67
мингдан ортиқ ўқувчи “устоз-шогирд” тамойили асосида фаол ҳамкорлик қилаётгани
дуал таълимнинг амалда кенг қамровли тизимга айланганини кўрсатади. Энг
эътиборлиси, ишлаб чиқаришнинг ўзидан жалб этилган 17 мингдан ортиқ малакали
мутахассиснинг устоз сифатида иштирок этаётгани таълим жараёнини реал меҳнат
муҳити билан бевосита боғламоқда. Бу жараён касбий таълим моҳиятини тубдан
ўзгартирди. Энди ўқувчи фақат аудиторияда ўтириб билим олмайди, балки ишлаб
чиқариш жараёнининг тўлақонли иштирокчисига айланади. Бу диплом учун эмас,
аксинча, реал кўникма учун таълим тамойилига асосланмоқда. Натижада битирувчи
меҳнат бозорига мослашиш босқичи учун ортиқча вақт сарфламайди, тайёр
мутахассис сифатида кириб келади. Дуал таълимнинг яна бир муҳим жиҳати — унинг
иқтисодиёт билан тўғридан тўғри интеграциялашганидадир. Ҳудудларда “инвестор —
тармоқ — техникум” занжири йўлга қўйилгани ва
4000 дан ортиқ йирик иш берувчининг техникумларга бириктирилгани
кадрлар тайёрлашни бутунлай янги босқичга олиб чиқди. Энди қайси ҳудудда қандай
мутахассисга эҳтиёж борлиги аниқ прогноз қилинмоқда. Кадрлар тайёрлаш эса айнан
шу эҳтиёждан келиб чиқиб режалаштирилмоқда. Бу эса ортиқча ёки талаб
қилинмайдиган мутахассислар тайёрлашнинг олдини олиб, битирувчилар бандлигини
таъминлашда ҳал қилувчи омилга айланмоқда. Бундан ташқари, ушбу модель
корхоналар учун ҳам манфаатли. Улар ўзига зарур кадрларни тайёрлаш жараёнида
бевосита иштирок этади. Ўқувчи эса ўқиш жараёнидаёқ келажакдаги иш жойига
мослашади. Бундан ташқари, дуал таълимда ўқиётган ёки ўқишни тугатганига 3
йилдан кўп бўлмаган мутахассисни ишга олган тадбиркорлар учун қўшимча рейтинг
баллари берилади ҳамда даромад солиғини тўлашда имтиёзлар даври узайтирилиши
назарда тутилган. Натижада “таълим — ишлаб чиқариш — бандлик” занжири
мустаҳкамланиб, иқтисодиётнинг реал сектори билан таълим тизими ўртасида узвий
боғлиқлик юзага келади. Шу тариқа дуал таълим касбий таълим тизимини сифат
жиҳатидан янги босқичга олиб чиқаётган, уни замонавий иқтисодиёт талабларига
мослаштираётган ва энг муҳими, ёшларни ҳаётга, аниқ касб ва барқарор бандликка
тайёрлаётган стратегик устунга айланмоқда.
Ижтимоий тенглик ва
инклюзивликни таъминлаш
Касбий таълим тизимида ижтимоий адолат ва инклюзивликни таъминлаш
устувор вазифалардан. Тизимда фаолият юритаётган педагогларнинг турли ижтимоий
шароитда экани инобатга олиниб, улар учун мослашувчан малака ошириш
механизмлари жорий этилмоқда. Хусусан, уч ёшгача фарзанди бор, ногирон ёки
нафақа ёшига етган педагог ва раҳбар кадрлар учун масофавий ҳамда аралаш
шаклдаги малака ошириш курслари ташкил этилмоқда. Бу эса ҳар бир педагогнинг
эҳтиёжидан келиб чиқиб, касбий ривожланишини узлуксиз таъминлаш имконини бермоқда.
Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш мақсадида
банд бўлмаган фуқаролар ва ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг ишсиз
аъзоларини касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмалари бўйича ўқитиш
тизими кенг жорий этилмоқда. Бу йўналишда давлат ва нодавлат таълим
муассасалари негизида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилиб, уларнинг аниқ
рўйхати шакллантирилмоқда. Энг муҳими, ушбу жараён ваучер тизими асосида
молиялаштирилиб, Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан
қўллаб-қувватланади. Натижада умумий ҳисобда 400 мингга яқин банд бўлмаган
фуқаро ва кам таъминланган оилаларнинг ишсиз аъзоларини касбга ўқитиш, уларга
янги даромад манбаи яратиш ва ижтимоий фаоллигини ошириш имконияти берилади. Бу
эса касбий таълим тизимини нафақат кадрлар тайёрловчи, балки камбағалликни
қисқартириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва ижтимоий тенгликни таъминлашга
хизмат қилувчи самарали механизмга айлантирмоқда. Касбий таълимнинг нуфузини
ошириш мақсадида Президент соврини учун “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий
маҳорат миллий танлови ташкил этилиб, унда техникум ўқувчилари, ёшлар ва
хотин-қизлар ўртасида энг долзарб 10 та касб бўйича мусобақалар ўтказилиши
кўзда тутилган. Танлов доирасида минглаб иштирокчилар қамраб олиниб, ғолиблар
муносиб рағбатлантирилади ҳамда халқаро мусобақаларга тайёрланади.
Бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида техникум директори ва
ўринбосарлари учун менежерлик сертификатлаш тизими жорий этилиб, 600 дан ортиқ
раҳбар кадр махсус ўқув курсларида тайёрланиши режалаштирилмоқда. Шунингдек,
битирувчиларни иш билан таъминлаш мақсадида “Карьера” электрон платформаси ишга
туширилади. Ушбу тизим орқали талабалар, битирувчилар ва иш берувчилар ўртасида
тўғридан тўғри алоқа ўрнатилиб, сунъий интеллект асосида мос иш ўринлари ва
номзодлар тавсия этилади.
Маҳаллий ва халқаро
интеграция
Тизимда маҳаллий ва халқаро интеграциянинг кучайиши бугунги шароитда
стратегик аҳамият касб этади. Бу жараён, аввало, тайёрланаётган кадрларнинг
фақат ички бозор талабларига эмас, балки глобал меҳнат бозори эҳтиёжларига ҳам
мос бўлишини таъминлайди. Натижада битирувчилар учун нафақат мамлакатда, балки
хорижда ҳам муносиб иш топиш имкониятлари кенгаяди. Шу билан бирга, халқаро
стандартлар ва илғор тажрибаларнинг жорий этилиши таълим сифатини ошириб,
касбий тайёргарлик даражасини янги босқичга олиб чиқади.
Бугун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги билан ҳамкорлик
ўрнатилган бўлиб, хорижий мамлакатларнинг иш берувчи корхоналаридаги актуал бўш
иш ўринлари сони, шунингдек, мутахассисларга қўйиладиган талаблар бўйича тўлиқ
маълумотлар Касбий таълим агентлигига тақдим этилмоқда. Шу орқали ўқув
дастурлари нафақат миллий, балки халқаро меҳнат бозори стандартларига
мослаштирилмоқда. Шунингдек, Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорлик доирасида
республикамиз бўйича етакчи 125 корхона ва ташкилот ҳамда давлат рўйхатидан
ўтган тадбиркорлар уюшмалари билан техникумларда дуал таълим тизимини жорий
этиш ишлари йўлга қўйилган. Мазкур ҳамкорлик доирасида ўқувчилар амалиётини ташкил
этиш, битирувчилар бандлигини таъминлаш, техникумлардаги ишлаб чиқариш таълими
усталарининг малакасини ошириш каби муҳим йўналишларда ишлар бажарилмоқда. Шу
тариқа ўқувчилар амалий кўникмаларни эгаллаб, битирувчилар иш бозорида ўз
ўрнини топади, техникумлар эса малакали кадр тайёрлашда самарали марказга
айланади.
Таълим дастурларини янгилаш масаласи тизимнинг яна бир муҳим
йўналишидир. Президентимизнинг 2025 йил 23 октябрдаги “Касбий таълим тизимида
ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2026
йилда 60 та, 2027 йилда 150 та, 2028 йилда эса қолган барча касбий таълим
дастурлари касбий стандартлар ва халқаро таълим дастурлари асосида янгиланиши
белгиланди. Бу эса ўқув жараёнини нафақат миллий, балки глобал меҳнат бозори
талабларига мослаштиришни таъминлайди. Ҳозир эса ички ва ташқи меҳнат
бозоридаги касблар таҳлил қилиниб, улар орасидан талаб энг юқорилари танлаб
олинди. Касблар бўйича таълим дастурларини ишлаб чиқиш жараёнида ривожланган
давлатларнинг компетенцияга асосланган таълим стандартлари ўрганилди. Натижада
касбий таълимнинг барча даражаси бўйича узвийлик сақланиб, янги модулли ўқув
дастурлар лойиҳаси тайёрланмоқда. Ушбу модуль тизими ўқувчиларга нафақат билим,
балки амалий кўникмаларни босқичма-босқич эгаллаш имконини беради,
битирувчиларни эса меҳнат бозорига тўлиқ тайёрлайди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 23 октябрдаги “Касбий таълим тизимида
бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда
“Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
қарорига мувофиқ, жорий йил бошидан энг яхши натижа кўрсатган педагоглар ва
ишлаб чиқариш таълими усталари малакаси хорижий ва миллий платформалар орқали
оширилади. Шу тариқа уларнинг касбий салоҳияти тизимли тарзда ривожлантирилмоқда.
Таълим жараёни эса янада сифатли ва амалий натижа берадиган тизимга айланмоқда.
Ҳозир республикамиз бўйича касбий таълим ташкилотларидаги 21 минг 504 ўқитувчи
ва 6531 ишлаб чиқариш таълими устаси Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат
миллий институти, таянч олий таълим муассасалари ҳузуридаги 4 та минтақавий, 15
та тармоқ марказ ҳамда 4 та илғор профессионал тайёргарлик марказида 85 йўналиш
бўйича малака ошириш курсларида ўқитилди. Бугунгача малака ошириш марказларида
жами 4018 ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари Италия, Германия,
Беларусь, Швейцария, Хитой, Жанубий Корея каби давлатлар тажрибасига асосланган
курсларда назария ва амалиёт уйғунлиги таъминланган ҳолда малака оширди. Бундан
ташқари, энг яхши натижа кўрсатган 50 нафар ишлаб чиқариш таълими устаси,
умумтаълим ва махсус фан ўқитувчилари малакасини ошириш учун хорижга юбориш
имконияти яратилди.
Аёллар улуши қандай?
Ҳозир республикамиз бўйлаб 595 та касбий таълим ташкилотида 438 мингга
яқин ўқувчи 329 касб ва мутахассислик бўйича таълим олмоқда. Хусусан, уларнинг
192 минг 185 нафари хотин-қизлардир. 2025-2026 ўқув йили учун тасдиқланган
қабул параметрлари доирасида 108 минг 686 аёл-қиз ўқиш учун касбий таълим
ташкилотларига қабул қилинди. Шунингдек, 284 касбий таълим ташкилотида меҳнат
бозорида талаб юқори бўлган 75 касб бўйича 25 минг 721 ёш ва ишсиз аҳолига
қисқа муддатли курслар ташкил этилди. Тингловчилардан 15 минг 772 нафари
аёл-қизлардир. Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш мақсадида 495 касбий таълим
ташкилотида хорижий тил курслари очилган. Ҳозир 8063 ўқувчи турли тилларни
ўрганмоқда. 2024/2025 ўқув йилида техникумларнинг қурилиш, транспорт, коммунал,
қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича 790 аёл-қиз давлат гранти
асосида таълим олиб, харажати тўлиқ давлат ҳисобидан қопланди. Шу билан бирга,
“prof-emis.edu.uz” платформаси орқали 859 аёл-қиз ахборот технологиялари
соҳасидаги қисқа муддатли курсларда ўқитилди. Ушбу курсларда жами 2949 аёл
ўқитилган ва ўқиш якунида уларга давлат намунасидаги сертификатлар берилган.
Рақамлаштириш — давр
талаби
Мамлакатимиздаги етакчи ташкилотлар билан ҳамкорликда касбий
стандартлар ва халқаро таълим дастурлари асосида ўқув дастурларини янгилаш
ишлари давом этмоқда. Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой ва Жанубий
Кореянинг илғор таълим дастурлари жорий этилмоқда. Натижада меҳнат бозорида
айни вақтда талаб юқори бўлган 60 та касб рўйхати шакллантирилди. Ушбу рўйхат
нафақат соҳа эҳтиёжларини, балки келажакдаги ривожланиш истиқболларини ҳам
инобатга олган ҳолда тузилди. Бу эса тайёрланаётган кадрлар
рақобатбардошлигини сезиларли даражада оширади.
Касбий таълим тизими самарадорлигини ошириш ва ёшларни меҳнат бозорига
тайёрлаш борасидаги яна бир муҳим қадам тизимни рақамлаштириш бўлди.
Рақамлашган тизимнинг биринчи афзаллиги вақт ва ресурсларни тежашда намоён
бўлмоқда. Энди маълумотларни қоғоз шаклида юритиш, қўлда ҳисоб-китоб қилиш ва
мураккаб ҳисоботларни тайёрлашга сарфланадиган вақт қисқарди. Шу билан бирга,
инсон омили иштироки камайиб, қарорлар адолатли ва асосли қабул қилинмоқда.
Келгусида эса рақамлаштириш имконияти янада кенгайиб, сунъий интеллект
технологияларини жорий этиш, меҳнат бозоридаги тенденцияларни олдиндан баҳолаш,
қайси касбларга талаб ошиши ёки камайишини прогноз қилиш имкониятлари яратилиши
ҳам режалаштирилган.
“Касблар шаҳарчаси” —
ёшларга имконият
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда
Хоразм, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидаги илғор
касбий маҳорат техникумлари негизида “Касблар шаҳарчалари” ташкил этилмоқда.
Ушбу ташаббус мактаб ўқувчиларини қурилиш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги,
саноат, транспорт ва “яшил” энергетика каби замонавий касбларга эрта босқичда
йўналтириш имконини беради.
“Касблар шаҳарчалари” доирасида ўқувчилар учун амалий машғулотлар, экскурсиялар
ва интерфаол синовлар ташкил этилиб, улар касблар билан бевосита танишиш, ўз
қизиқиш ва мойиллигини аниқлаш имкониятига эга бўлади. Мазкур тизимни
қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудларда 24 та малакани баҳолаш марказини ташкил
этиш, долзарб касблар бўйича сертификатлаш амалиётини жорий этиш ҳам кўзда
тутилган. Аҳолининг ушбу хизматлардан фойдаланиши ваучер тизими орқали
қўллаб-қувватланади. Бундан ташқари, “Касбий ривожланиш платформаси” орқали 100
дан ортиқ касб бўйича мустақил таълим олиш, билим ва кўникмаларни баҳолатиш
ҳамда сертификат олиш имконияти яратилмоқда.
Янги ривожланиш босқичидаги касбий таълим тизими олдидаги стратегик
вазифалар аниқ белгиланган. Устувор йўналишлар дуал таълим улушини кескин
ошириш, қисқа муддатли касбга ўқитиш тизимини кенгайтириш, “яшил” иқтисодиёт ва
рақамли касблар улушини кўпайтириш, ҳудудий ихтисослашув асосида ўрта бўғин
кадрлар тайёрлаш ҳамда меҳнат бозори эҳтиёжларини реал вақт режимида
мониторинг қилишдан иборат. Касбий таълим тизимининг асосий манбаси бўлган
техникумларни замонавий талаблар даражасига олиб чиқиш учун кенг кўламли
ислоҳотлар, илгари сурилаётган ташаббуслар доирасида 9-синф битирувчилари
фанлар ва касбий қизиқишларга қараб саралаб олинса, олийгоҳларга кириш истаги
бўлмаган ёшлар техникумларга йўналтирилади.
Умуман олганда, касбий таълим энди фақат билим берувчи соҳа эмас,
балки мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти, ижтимоий барқарорлиги ва меҳнат
бозорининг сифатли ривожланиши учун стратегик аҳамиятга эга тизимга айланган.
Изчил ва мақсадли чора-тадбирларни давом эттириш, салоҳиятли ёшларни иш билан
таъминлаш ҳамда мамлакат келажаги учун зарур кадрларни тайёрлаш бизнинг асосий
вазифамиз бўлиб қолади.
Азимжон ҲУСАНОВ,
Касбий таълим
агентлиги директори